“XXI asr” газетасида “Йўлдаги ёлғончилар ёхуд ЙПХ планшетлари кимларни чув туширяпти” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола юзасидан маълумот
Жорий йилнинг 7 январь куни “XXI asr” газетасида “Йўлдаги ёлғончилар ёхуд ЙПХ планшетлари кимларни чув туширяпти” сарлавҳаси остидаги мақола эълон қилинди.
“XXI asr” газетаси мухбири Фаррух Жабборов томонидан эълон қилинган мақолада, 2020 йилнинг 9 декабрь куни ўз бошқарувидаги, “Нексия” русумли, 01 748 DBA давлат рақам белгили хизмат автомобилида, Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчасидан Муқумий кўчасига қайрилишда ЙПХ ходими томонидан тўхтатилганлиги, ЙПХ ходими унинг меъёрий ҳужжатларини текшириш вақтида 2020 йил 30 май куни 01 748 DBA давлат рақам белгили хизмат автомобилида содир этилган қоидабузарлик ҳолати учун белгиланган жарима ҳанузгача тўланмаганлиги, шу сабабли автомобилни жарима майдончасига жойлаши кераклигини айтганлиги, бармоқ изини босишини сўраганлиги, ЙПХ ходимининг “камар-памарга ёзиб юборарман” деган сўзи қулоғига чалинганлиги баён этилган.
Шунингдек, мақолада, Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқаро Шавкат Карамов томонидан “Facebook” саҳифасида ёзганларини ҳам келтириб ўтган. Унга кўра, Шавкат Карамов 2020 йилнинг 7 октябрь куни Нишон туманига бораётган вақтида ЙПХ ходими Ўткир Ризаев томонидан тўхтатилганлиги, ЙПХ ходими унинг жаримаси бор ёки йўқлигини текшириб бераман дея бош бармоғини планшетга босишини сўраганлиги, ўша вақтда уни огоҳлантирмасдан жарима ёзганлиги баён этилган.
“XXI asr” газетаси мухбири Фаррух Жабборов томонидан ёзилган мақола юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, мақолада акс этган ҳолатлар бўйича Тошкент шаҳар ИИББ, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ИИБ ЙҲХБлари томонидан хизмат текшируви ўтказилди.
Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан ўтказилган хизмат текширувига кўра, 2020 йилнинг 30 май куни вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими О.Хуррамов томонидан “Лабо” русумли, 01 748 DGA давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчиси 1.1 йўл чизиғини босиб ҳаракатлангани учун тўхтатилганлиги, ҳайдовчи Ш.Узбековга нисбатан тегишли тартибда баённома тузилганлиги, ушбу қоидабузарлик ҳолатини “Маъмурий амалиёт” автоматлаштирилган ахборот алмашинув тизимига (КААТ) киритиш жараёнида, тузилган баённомада кўрсатилган 01 748 DGA давлат рақам белгиси ўрнига маъмурий амалиёт инспекторлари И.Туропов
ва Ч.Худоёровлар томонидан техник хатолик туфайли тизимга 01 748 DBA давлат рақам белгиси киритилиб, жарима қўллаш тўғрисида қарор чиқарилганлиги аниқланган. Хизматда йўл қўйган камчиликлар бартараф этилиб, ушбу ҳолат қоидабузарлик содир этган “Лабо” русумли, 01 748 DGA давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчиси Ш.Узбековга қаратилган.
Шунингдек, хато ва камчликларга йўл қўйган Ч.Худоёровга “Танбеҳ”интизомий жазо чораси қўлланилган.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан ўтказилган хизмат текшируви давомида, Тошкент шаҳар, Яккасарой туманида 2020 йилнинг 9 декабрь куни ЙПХ инспектори Б.Алимов томонидан “Нексия” русумли, 01 748 DBA давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчиси Ф.Жаббаровга нисбатан расмийлаштирилган электрон маъмурий баённома асосли деб топилган.
Шунингдек, ушбу жараён ЙПХ инспектори Б.Алимовга бириктирилган “Бодикамера”сидаги тасвир тўлиқ ўрганиб чиқилганлиги, ўрганиш жараёнида ҳайдовчи билан бўлган мулоқат ва ЙПХ инспектори томонидан ҳайдовчи Ф.Жаббаровнинг бошқарувида бўлган 01 748 DBA рақамли транспортида муқаддам йўл ҳаракати қоидабузарлиги ҳолати мавжудлиги ва ушбу қоидабузарлик учун белгиланган жарима миқдори тўланмаганлиги ҳақида огоҳлантирилганлиги ҳамда ҳайдовчи Ф.Жаббаровнинг содир этган қоидабузарлиги ҳақида унга огоҳлантирилганидан сўнг маъмурий баённома расмийлаштирилганлиги ҳолатлари аниқланган.
Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан ўтказилган хизмат текширувига кўра, 2020 йилнинг 7 октябрь куни вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими Ўткир Ризаев томонидан “Кобальт” русумли автомобиль тўхтатилганлиги, ҳужжатларни текшириш вақтида транспорт воситасининг мажбурий техник кўрикдан ўтказилиш муддати ўтиб кетганлиги боис, ҳайдовчи Шавкат Карамовга нисбатан ўрнатилган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилгани, шундан сўнг ҳайдовчи Шавкат Карамов 2020 йилнинг 9 октябрь куни “Кобальт” русумли автомобиль мажбурий техник кўрикдан ўтказганлиги, ЙПХ ходими томонидан ҳайдовчи Шавкат Карамовга расмийлаштирилган маъмурий баённома асосли эканлиги тасдиқланган. Бундан ташқари ҳайдовчи Ш.Карамов томонидан ёзилган тушунтириш хатида ҳам, ЙПХ инспектори томонидан тўхтатилган вақтида унинг бошқарувида бўлган транспорт воситасининг мажбурий техник кўрик муддати ўтган бўлганлигини тасдиқлаган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати