Тест режимида

Хабарлар

ЙҲХХ раҳбарининг Қашқадарёдаги ўрганишлари давом этмоқда

Янги йил тадбирларининг хавфсиз ва кўтаринки руҳда ўтишини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Ўрганишлар доирасида ишчи гуруҳ штаби аъзолари янги йил тадбирларига пухта тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш давомида юзага келиши мумкин бўлган турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказди. Йиғилиш давомида жамоат хавфсизлигини ишончли таъминлаш, бажарилиши лозим бўлган вазифаларни аниқлаш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича зарурий чора-тадбирлар муҳокама қилиниб, тегишли топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари Қарши шаҳридаги марказий арчани кўздан кечириб, унинг атрофидаги хавфсизлик чоралари билан танишди. Кейинги манзиллар истироҳат боғи, театр ва "Ерқўрғон" деҳқон бозори бўлди. Мазкур объектларда фуқаролар учун яратилган қулайликлар, хавфсизлик чоралари ва нарх-наволар ўрганилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ Қарши шаҳрининг марказий кўчаларида йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Аниқланган айрим камчиликларни бартараф этиш учун топшириқлар берилди ва ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган режалар белгилаб олинди.

Қолаверса, ЙҲХХ раҳбари янги ташкил этилаётган Маъмурий амалиёт биносини кўздан кечириб, таъмирлаш ишлари юзасидан ўзининг таклиф ва тавсияларини билдирди.