Тест режимида

Хабарлар

Ўзбекистон ва Грузия ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда

Бугун, 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Халқаро ҳамкорлик бошқармаси ва Грузия полицияси вакиллари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар, ҳаракат иштирокчиларига яратилаётган қулайликлар муҳокамасига бағишланган видеоконференцалоқа учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида томонлар ўз ҳудудларида ЙТҲларнинг олдини олиш борасида технологиялардан фойдаланишнинг самарали усуллари, эришилаётган ютуқлар, юзага келаётган камчиликлар, ходимларнинг малакасини ошириш тизими, хизмат кийимидаги қўлланилган афзалликлар, йўл инфратузилмасидаги муаммолар ечими, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби, ОАВлар билан ишлаш йўналиши ҳақида сўз юритиб, ўзаро маълумот ва фикр алмашдилар.

Суҳбат якунига кўра, томонлар келгусида йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати