Жиззахда ходимнинг билдиргиси асосида ўтказилган тезкор тадбир давомида 2.000.000 сўм пора берган ҳайдовчи қўлга олинди
Жорий йилнинг 21 июнь куни Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими С.Бобоев Жиззах шаҳар, О.Азимов кўчасида тунги хизматни олиб бораётган вақтда, соат 23:05 ларда "Ғаллаорол-Жиззах" йўналишида ҳаракатланиб келган "Каптива" русумли автомобилни тўхтатган. Ўзаро мулоқот жараёнида ҳайдовчи, 1966 йилда туғилган Н.Р.ни спиртли ичимлик истеъмол қилганликда гумонлаб тиббий кўрикка таклиф қилган. Тиббий кўрик хулосасига кўра ҳайдовчининг мастлик ҳолатида эканлиги тасдиқланиб, унга нисбатан ЙПХ ходими томонидан маъмурий баённома тузилган ва автомобиль жарима майдонига жойлаштирилган.
Ҳайдовчи Н.Р. автомобилини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига ЙПХ ходимига 2.000.000 (икки миллион) сўм миқдоридаги пулни пора тариқасида таклиф қилган.
ЙПХ ходими вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, пора таклиф қилаётган ҳайдовчига қонуний чора кўрилишини сўраган.
Ходимнинг билдиргисига асосан 2021 йил 22 июнь куни соат 09:35 ларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Н.Р. ЙПХ ходими С.Бобоевга 2.000.000 (икки миллион) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтда ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.