Жорий йил 1 августдан бўладиган ўзгаришлар
Жорий йил 1 августдан бошлаб:
Президент фармонига асосан электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида жисмоний ва юридик шахсларга барча белгиланган давлат божлари, йиғимлар, жарималар ва бошқа мажбурий тўловларни электрон тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда онлайн режимда тўлаш имконияти тақдим этилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги 258-сон қарорига кўра:
а) хизмат автотранспорт воситалари:
- республика давлат бошқаруви органларида, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида раҳбарлар ҳамда уларнинг ўринбосарларига;
- республика давлат бошқаруви органлари тизимидаги ташкилотларда ҳамда уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаларида биринчи раҳбарларга шахсан бириктирилади;
б) республика давлат бошқаруви органларида хизмат мақсадларида давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аутсорсинг шартлари асосида автобус, такси ва бошқа автотранспорт воситалари хизматларидан фойдаланиш тизими жорий этилади. Бунда:
- аутсорсинг шартлари асосида автотранспорт воситаларини жалб этиш ташкилотнинг ҳар 100 нафар бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимига 1 та автотранспорт воситаси ҳисобида навбатчи хизмат автотранспорт воситаси учун белгиланган йўл босиш йиллик лимитидан ошмаслиги лозим;
- аутсорсинг шартлари асосида жалб қилинган автотранспорт воситалари хизматларидан республика давлат бошқаруви органларида фойдаланиш ушбу орган раҳбари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Янги типдаги давлат рақами белгилари билан қайта рўйхатдан ўтказилмаган давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли хизмат автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 271-сон қарорига кўра, ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча тегишли ҳужжатларни ЯИДХП орқали ҳам тақдим этиш имконияти яратилади.