Жума - Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи куни ўтказилди
Республикамиз ҳудудида жорий этилган карантин тадбири жуда кўплаб ишларни тўхтатиб қўйди. Аммо, шу кунларда пандемия сабаб юзага келган вазият сезиларли даражада ўнгланди. Аста-секин ҳаётимиз яна ўз оқимига тушиб бораяпти. Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳам ўз йўналишлари бўйича ишларни кучайтиришмоқда. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги 701-сонли қарори билан ҳар жума йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи куни этиб белгиланган. Карантин сабаб бу тадбирлар ҳам ўтказилмай қолди. Энди эса бу йўналишдаги ишлар яна қайта тикланди.
Биз нима учун бу хабарга бундай сарлавҳа қўйдик. Буни тушунтиришга, қисқа қилиб унинг замирида турган маънони очиб беришга ҳаракат қиламиз. Юқорида эслатилган 701-сон қарор талаблари асосида жума куни республикамизнинг барча ҳудудларида кенг қамровли тарғибот тадбирлари ўтказилди. Тўғри, ҳар жумада янги бир гап топиш, янги бир тадбир ўтказиш мумкин эмасдур, аммо жим турилмаслиги керак. Чунки, халқимиз орасида “юз марта гапирилган гапни бир юз биринчи марта гапиришдан ҳам эринма” деган гап бор. Бу, юз марта гапирган гапингга амал қилмаган одам бир юз биринчи мартасида амал қилади, дегани. Шу сабаб ҳам биз “жума куни жим турма”, деб гапираяпмиз. Олдинги жумада гапирилган гапларни, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга оид талабларни, “Йўл ҳаракати қоидалари”ни яна ва яна, такрор гапираяпмиз. Биз дейилганида фақатгина ДЙҲХХ ходимларини тушунмаслик керак, чунки ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга соҳасидан қатъий назар ҳамма масъулдир. Ҳайдовчи ҳам, пиёда ҳам ва хатто йўловчи ҳам. Сабаби уларнинг ҳаммаси мураккаб ҳаракат жараёнида бевосита иштирок этишади. Мана шу бизни жим турмасликка, доимо гапиришга, яхшиликка даъват қилишга ундаши лозим.
Вилоят ҳудудида жума тарғибот куни тадбири доирасида жуда кўплаб пиёдалар, велосипед ҳайдовчилари билан карантин талабларига амал қилган ҳолда уч мингдан ортиқ профилактик сухбатлар ўтказилди. Бу сухбатларда ҳар бир иштирокчига тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад ва улар амал қилишлари лозим бўлган талаблар тушинтирилди.
Шунингдек, йўловчи ташувчи уюшмаларнинг ҳайдовчилари билан сухбатларга алоҳида эътибор қаратилди. Бунга сабаб айнан улар кўпчилик хавфсизлигига масъулдирлар.
Гапирилган гаплардан, айтилган фикрлардан жилла қурса битта одам наф кўрса шуни ўзи катта гап. Бу битта рақам ҳафтама-ҳафта кўпайиб миллионларга етиб бориши шубҳасиз. Миллионларга етиб борди дегани эса, йўл-транспорт ҳодисалари камайди, қоидабузарликлар бартараф этилди, энг муҳими кимнингдир ҳаёти, бошқа бировнинг мол-мулки асраб қолинди, деганидир.
Ҳамон шундай экан, келинг, сиз ҳам жума куни жим турманг, хайрли тадбирларга қўшилинг. Чунки бу ҳаммамиз учун муҳим. Барчамиз учун шарафли ишдир.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати