ЖУМА КУНИ ЖИМ ТУРМАНГ!
Мана, яна бир жума куни ортда қолди. Кун кимгадир сермазмун, кимгадир сокин ўтди. Бу кун кимгадир барака, кимгадирр савоб олиб келди. Унинг миқдорини эса кўпчилик ўзи билади. Бу ишда қўшиб ёзиш ҳам, кўзбўямачилик ҳам қилиб бўлмайди.
Биз нима учун бу хабарга бундай сарлавҳа қўйдик. Буни тушунтиришга, қисқа қилиб, унинг замирида турган маънони очиб беришга ҳаракат қиламиз.
Биласиз, 2018 йил 30 августдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги кунини ўтказиш ва йўл-транспорт ҳодисалари профилактикасининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ ҳафтанинг ҳар жума куни «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот куни» этиб белгиланди. Ана шу қарор талаблари асосида жума куни республикамизнинг барча ҳудудларида кенг қамровли тарғибот тадбирлари ўтказилди. Тўғри, ҳар жумада янги бир гап топиш, янги тадбир ўтказиш мумкин эмасдир, аммо жим турилмаслиги аниқ. Шу сабаб ҳам биз “жума куни жим турма”, деб гапиряпмиз. Олдинги жумада гапирилган гапларни, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга оид талабларни, “Йўл ҳаракати қоидалари”ни яна ва яна, такрор гапиряпмиз. Чунки халқимизда “юз марта гапирган гапингни бир юз биринчи марта гапиришдан эринма, юзтасини эшитмаган одам бир юз биринчисини, албатта, эшитади” деган гап бор. Мана шу бизни жим турмасликка, доимо гапиришга, яхшиликка даъват қилишга ундаяпти ва бу иш бизни чарчатмайди.
Гапирилган гаплардан, айтилган фикрлардан жилла қурса битта одам наф кўрса шуни ўзи, кифоя. Бу битта рақами ҳафтама-ҳафта кўпайиб миллионларга етиб бориши, шубҳасиз. Миллионларга етиб борди, дегани эса, йўл-транспорт ҳодисалари камайди, қоидабузарликлар бартараф этилди, энг муҳими кимнингдир ҳаёти, бошқа бировнинг мол-мулки асраб қолинди, деганидир.
Шундай экан, келинг, сиз ҳам жума куни жим турманг, хайрли тадбирларга қўшилинг. Чунки бу ҳаммамиз учун муҳим. Барчамиз учун шарафли.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати