Ўзини тадбиркор ва блогерман деб ИИО ходимларининг хизматига ҳалақит берган шахс 15 суткага қамалди
Жорий йилнинг 15 апрел куни соат 10:00ларда Самарқанд шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Маҳмуд Қошғарий кўчалари кесишмасида хизмат олиб бораётган Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари ҳамда соҳавий хизмат вакиллари томонидан 30 D 409 РА давлат рақам белгили "Нексия" русумли транспорт воситаси тўхтатилиб, ҳайдовчининг ҳужжатлари сўралганда, автомашинанинг олд ўриндиғида ўтирган йўловчи ўзига тегишли бўлган қўл телефонида “Мен фалон жойда директорман, блогерман” деб ЙПХ ходимининг хизмат вазифасини олиб боришга ҳалақит берган.
Йўловчи видео тасвирга олишни давом эттириб, “ҳали керакли жойда жавоб берасанлар, мен сенлар билан судда гаплашаман” деб ходимларга қўпол муносабатда бўлган.
Ушбу ҳолат юзасидан карантин қоидаларини бузган транспорт воситаси ҳайдовчисига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган.
Ходимларнинг хизмат вазифасини бажаришга фаол қаршилик кўрсатган, ҳақорот қилган йўловчига нисбатан барча ҳужжатлар тўпланиб, Самарқанд шаҳар Маъмурий судига жўнатилган.
Ўзини “тадбиркор ва блогерман” деб таништирган ушбу шахсга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 194-моддаси 1-қисми, 195-моддаларига асосан Суд томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати