Тест режимида

Ҳодисалар

Йўл бермаслик оқибати аянчли якун топди

Жорий йилнинг 28 август куни соат 15:15 ларда, Қашқадарё вилояти, Косон тумани ҳудудидан ўтган 4К-339 “Қарши айланма йўлининг” 6-километрида ҳайдовчи 2000 йилда туғилган Н.Ш. “Дамас” русумли автомобилни “Обдида-Хўжақўрғон” кўчалари кесишган чорраҳада, иккинчи даражали йўлдан бошқариб келиб, асосий йўлдан ҳаракатланиб келган ҳайдовчи 1991 йилда туғилган Б.У. бошқарувидаги “Камаз-5320” русумли юк автомобилини ўтказиб юбормасдан, ўнг томон олди қисмига бориб урилиб, ЙТҲ содир этган.

Натижада, “Дамас” автомобили ҳайдовчиси 20 ёшли Н.Ш. воқеа жойида, ушбу автомобиль йўловчиси 18 ёшли А.Ж. шифохонада вафот этган. “Камаз” юк автомобили ҳайдовчиси 29 ёшли Б.У. ва йўловчиси 18 ёшли А.О.лар тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Косон тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан ҳодиса содир бўлган куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Барча ҳайдовчилардан йўл белгилари ва чизиқлари талабларига риоя қилган ҳолда ҳаракатланишларини, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати