"Кобальт" кескин бурилишда каналга тушиб кетди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ахборот хизматининг берган хабарига кўра, жорий йилнинг 10 сентябрь куни Наманган вилояти, Чортоқ туманида йўл-транспорт ҳодисаси натижасида фуқаронинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ ҳолат содир бўлган. Йўлнинг кескин бурилиш жойида "Кобальт" автомашинасининг ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, автомобиль бир неча марта ағдарилган ва яқин атрофдаги "Наманган" каналига тушиб кетган.
Автомобиль ағдарилган вақтдаги куч ҳайдовчини автомашинадан улоқтириб юборган. Ҳайдовчи воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, автомашина салонида яна бир нафар аёл йўловчи бўлган. Аёл киши сув остида қолган автомашинадан чиқиб олишга муваффақ бўлган. Бир неча дақиқадан сўнг воқеа жойига Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари етиб келиб, тегишли амалий чоралар кўрилган. Жабрланувчи аёл шифохонага етказилган. Транспорт воситаси эса махсус техникалар ёрдамида каналдан олиб чиқилган.