Қоидабузар яна қоидани бузди. Оқибатда эса...
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни соат 15:00 ларда, Қашқадарё вилояти, Косон тумани ҳудудидан ўтган 4Р 95 маҳаллий автомобиль йўлининг 6-километрида ҳайдовчи, 1994 йилда туғилган Ш.Ғ. “Ласетти” русумли автомобилни бошқараётган вақтида қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб, қаршисидан ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи, 1995 йилда туғилган Д.М. бошқарувидаги “Нексия” русумли автомобиль билан тўқнашган.
Натижада, “Нексия” русумли автомобиль ҳайдовчиси 25 ёшли Д.М. оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган. “Ласетти” русумли автомобиль ҳайдовчиси 26 ёшли Ш.Ғ. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Косон тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, “Ласетти” русумли автомобиль ҳайдовчиси 26 ёшли Ш.Ғ. бир йил мобайнида 5 маротаба қоидабузарлик содир этган.
Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга риоя қилишларини, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати