Оқолтинда содир бўлган ЙТҲ оқибатида "Нексия" ёниб кетди
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизматининг берган хабарига кўра, жорий йилнинг 6 октябрь куни соат 01:20 ларда, Сирдарё вилояти, Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи М39 автомобиль йўлининг 924-километрида, "Термиз-Тошкент" йўналишида, ҳайдовчи, 1994 йилда туғилган, Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон туманида яшовчи Э.Т. "Нексия" русумли транспорт воситасини бошқариб бораётиб, ўзидан олдинда, шу йўналишда ҳаракатланиб кетаётган “Косон махсус механизациялашган” МЧЖга тегишли фуқаро Т.Ш. бошқарувида бўлган "МАН" русумли юк автомашинаси тиркамасининг орқасига урилиб, рул бошқарувини йўқотиши натижасида йўлнинг ўнг томонига ағдарилиб, ёнғин юзага келган.
Натижада, "Нексия" русумли автомобилда бўлган йўловчи 1996 йилда туғилган, Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон туманида яшовчи Э.Ш. тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Оқолтин тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда, барча йўл ҳаракати қатнашчиларидан белгиланган қоидаларга амал қилишларини, ўзи ва ўзгалар саломатлигини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз.