Пойтахтда тўқнашган икки “Кобальт” юзасидан маълумот
Жорий йилнинг 7 март куни соат 23:55ларда “102” тизимига келиб тушган хабарга кўра, Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчасида ҳайдовчи, 1993 йилда туғилган О.Б. “Кобальт” русумли автомобилда ҳаракатланаётган вақтда бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиб симёғочга урилган ва ўз йўлида ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи, 1955 йилда туғилган А.Ш. бошқарувида бўлган яна бир “Кобальт” русумли автомобилга тўқнашган.
Натижада, ҳайдовчи О.Б. бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомобиль йўловчилари, 29 ёшли Ш.Э., 30 ёшли С.Ю., ҳамда ҳайдовчи А.Ш. ва унинг бошқарувида бўлган автомобиль йўловчиси 27 ёшли В.Ш.ларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур тўқнашув юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга амал қилишларини, қоидаларни четлаб ўтиб ўзи ва ўзгалар саломатлигини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати