Тест режимида

Хабарлар

“АВТОМАЛИКА” кўрик танлови ўтказилди

Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида бу йилги 8 март байрами ўзгача тарзда нишонланди. Йўл  ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан ҳайдовчи аёллар таклиф этилди. Улар “Автомалика” кўрик танловида иштирок этишди.

Кўрик-танловга ёши, эгаллаган касбидан қатъий назар ҳайдовчилик гувоҳномаси бор бўлган, жамият ҳаётида фаол бўлган аёллар таклиф этилди. Дастлабки босқичда иштирокчилар “Йўл ҳаракати қоидалари” бўйича ўз билимларини тест синовларида текшириб кўришди.

Мусобақанинг энг қизиқарли ва ҳаяжонли онлари бошланди. Ҳар бир ҳайдовчи мусобақа учун махсус тайёрланган ўқув автомобилида ҳайдаш маҳоратларини намойиш этишди. Ҳаяжон, севинч, ташвиш аломатлари акс этган чеҳралар навбатма-навбат транспортни бошқариб, кўрик-танлов шартларини бажаришди.

Кимдир ҳаяжондан моторни ўчириб қўйди. Бошқа иштирокчи шартли гаражга киришда шошилди. Аммо  йўл қўйилган хатолардан ҳеч ким хафа бўлгани йўқ. Аксинча, бу хатолар улар учун сабоқ бўлганлигини таъкидлашди. Қизиқарли бахс мунозаралар билан ўтган мусобақалар ҳам якунига етди. Навбат ғолибларни рағбатлантиришга келди. Ғолиблар учун эса йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда “Алском” суғурта компаниясининг вилоят бўлими махсус совғалар ажратишди. Айтиш лозимки, тақдирлаш учун айнан аёллар боп, рўзғор учун зарур бўлган совғалар олинди.

Ғолиб бўлиш нақадар ажойиб. Ҳис ҳаяжонлар ортда қолди. Ғолиблар эса совғаларни олишди. Мусобақада Олий ўрин Қибрай туманидан келган иштирокчи Шохира Сайдазимовага насиб этди.

Тадбир йиғилганларнинг барчаларига манзур бўлди. Бу каби мусобақаларни тез-тез ўтказиб туриш зарур деган фикрлар билдирилди. Бу тўғри фикр, чунки, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашда, ҳаракатланиш маданиятини юксалтиришда мусобақаларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Биз ғолибларни, шунингдек, барча опа-сингилларимизни байрам билан яна бир бор муборакбод этамиз.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати