1600 АҚШ доллари эвазига жарима майдончасидаги автомобилни чиқариб беришни айтган шахс ушланди
2022 йил 20 октябрь куни ИИВ ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармасига фуқаро ариза билан мурожаат қилган. Мурожаатда: 2022 йил 16 октябрь куни соат 17:00 ларда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, ўзига тегишли бўлган “Nexia-3” русумли автомобилни Самарқанд шаҳар, Рудакий кўчасида бошқариб бораётган вақтида ЙПХ инспекторлари томонидан тўхтатилиб, мастлик ҳолати бўйича алкотестер мосламаси орқали текширувдан ўтганлигини, мастлик ҳолати тасдиқланганлиги сабабли, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобили вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилганлигини, шундан сўнг, "Б" исмли шахс унга нисбатан расмийлаштирилган баённомани танишлари орқали судга юбормаслик ва автомобилини жарима майдонидан олиб чиқишни ваъда қилиб 1.600 АҚШ доллари миқдорида пул беришини сўраганлигини маълум қилган.
Мазкур мурожаат юзасидан, 2022 йил 20 октябрь куни ИИВ ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Қ.Б. мурожаат муаллифидан 1.600 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.