ИИВ ЖХД ЙҲХХ раҳбарияти томонидан Навоий вилояти автомобиль йўлларида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
2025 йил 22 август куни ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбарияти Навоий вилоятига ташриф буюриб, вилоят ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ташриф доирасида Навоий шаҳридаги Алишер Навоий ва Амир Темур ҳамда Алишер Навоий ва Меморлар кўчалари кесишмасидаги чорраҳаларда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида чорраҳаларнинг геометрик параметрларини такомиллаштириш ишлари ўрганилди.
Шунингдек, Навбаҳор тумани ҳудудидан ўтувчи А-379 автомобиль йўлининг 5–8 ва 11–14-километрлари ҳамда Д-067 йўлининг 159–177 ва 180–184-километрлари оралиғида пиёдалар тротуарлари ва велосипед йўлакларини барпо этиш, шунингдек, сунъий ёритиш тизимларини ўрнатиш ишлари кўздан кечирилди.
Шу билан бирга, Қизилтепа тумани ҳудудидан ўтувчи 4-Р63 автомобиль йўлининг 68-километрида пиёдаларнинг белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида ўрнатилаётган темир панжаралар, Хатирчи туманидаги 85-Б027 автомобиль йўлининг 2-километрида реконструкция қилинаётган кўприкда олиб борилаётган ишлар ҳам ўрганилди. Мутахассисларга зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, маҳаллий аҳоли билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Фуқароларнинг таклиф ва истаклари тингланиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.