Тест режимида

Хабарлар

А-373 автомобиль йўлининг 221-километрида кўприк таъмирланмоқда

"Қамчиқ" довонидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги А-373 автомобиль йўлининг 221-километридаги “Оҳангаронсой” кўпригида таъмирлаш ишлари бошланганлиги муносабати билан мазкур йўлнинг “Тошкент-Водий” йўналиши вақтинча ёпилиб, йўлнинг “Водий-Тошкент” йўналиши бетон тўсиқлар ёрдамида иккига ажратилди ва ушбу томонда қарама-қарши йўналишлар ташкил этилди.

Ҳайдовчиларни огоҳлантирувчи ва уларга йўналишларни кўрсатувчи ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлайдиган тегишли белгилар ўрнатилди.

Шунингдек, тунги вақтда ҳам хавфсизликни таъминлаш мақсадида вақтинча ташкил этилган йўналишларга чироқлар ўрнатилиб, йўналиш кўрсатувчи белгиларни ҳам ёритиш чоралари кўрилди.

Барча ҳайдовчилардан кўприк таъмирланаётганлиги сабабли ташкил этилган чора-тадбирларни тўғри тушунушларини, мазкур жойдан ҳаракатланиб ўтишда тартибга солувчиларнинг ишораларига, йўл белгилари ва чизиқларининг талабларига риоя этган ҳолда, тезликни оширмасдан, эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишларини сўраймиз.