Тест режимида

Хабарлар

Автомобиль давлат рақам белгисига қоплама ёпиштирилганлиги сабаб бошқа манзилга юборилган жарима бекор қилинди ва суриштирув давомида асл қоидабузар аниқланди

Жорий йилнинг 5 апрель куни ижтимоий тармоқда "Nexia-3" русумли автомобиль ҳайдовчиси томонидан содир этилган қоидабузарлик ҳолати бўйича "Damas" русумли автомобиль эгасига нисбатан жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилганлиги акс этган сурат ва изоҳ тарқалди.

Мазкур хабар ўрганилганда, 2022 йилнинг 19 март куни соат 00:02да Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани, 4P-79 автомобиль йўлининг 18-29-километрлари оралиғида, "Nexia-3" русумли, 70C015RA давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчиси 70 км/соат тезлик чегараланган жойда 135 (135-5=130) км/соат тезликда ҳаракатланганлиги махсус мослама ёрдамида қайд этилган бўлиб, қайд этиш вақтида ушбу автомобиль ҳайдовчиси йўл қўйган хатолик, яъни давлат рақам белгисининг устига тўғри аниқланишини чекловчи қоплама ёпиштирганлиги сабаб, автоматик тарзда 70C015RA давлат рақам белгисидаги "5" рақами "8" бўлиб, 70C018RA тарзида нотўғри қайд этилганлиги ва ушбу қоидабузарлик юзасидан "Damas" русумли, 70C018RA давлат рақам белгили автомобиль мулкдорига нисбатан жарима солиш тўғрисидаги қарор тасдиқланганлиги маълум бўлди.

Айни вақтда ушбу қоидабузарлик юзасидан "Damas" русумли, 70C018RA давлат рақам белгили автомобиль мулкдорига нисбатан тасдиқланган жарима солиш тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда бекор қилиниб, "Nexia-3" русумли, 70C015RA давлат рақам белгили автомобиль мулкдорига нисбатан тасдиқланган.

Барча ҳайдовчилардан тезлик меъёрига риоя қилишларини, транспорт воситасининг давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатмасликларини сўраймиз.