Андижонда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар
Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ вакиллари томонидан Андижон вилояти ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги камчиликлар, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ўрганилди ва аниқ режалар белгилаб берилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги махсус комиссиянинг 3-сонли баёни асосида Андижон вилояти бўйлаб шаҳар ва туманларда транспорт воситаларининг юқори чекланган тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланган кўчаларда тегишли тақиқловчи белгилар ўрнатилиши назоратга олинди.
Маҳаллаларда, жамоат жойларида масъул ходимлар, жамоатчилик фаоллари ҳамда ҳайдовчилар иштирокида ҳаракатланиш маданиятини янада ошириш, белгиланган тартиб ва қоидаларга риоя этган ҳолда ҳаракатланиш бўйича муҳокама йиғилишлари ташкил этилди.