Денов туманида ходимнинг билдиргиси асосида, қоидабузарлиги бўйича чора кўрилмаслиги учун пора таклиф қилган фуқаро ушланди
2021 йил 17 декабрь куни соат 09:30 ларда, Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Намозгоҳ М.Ф.Й, Ш.Рашидов кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими томонидан "Ваз-2105" русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхтатилган. Текширув жараёнида, ЙПХ ходими ҳайдовчидан спиртли ичимлик ҳиди келаётганлигини пайқаган ва мастликда гумонлаб текширувга таклиф қилган. Текширув натижасига кўра, ҳайдовчи И.К.нинг спиртли ичимликдан мастлик ҳолати тасдиқланган ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 131-моддаси тартибида баённома расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
Ушбу вақтда ҳайдовчи И.К. унга нисбатан чора кўрилмаслиги ва автомобилини жарима майдонидан олиб чиқиш эвазига ЙПХ ходимига 300 (уч юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида бермоқчи эканлигини маълум қилган.
ЙПХ ходими вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, пора таклиф қилаётган фуқарога қонуний чора кўрилишини сўраган.
Ходимнинг билдиргиси асосида 2021 йил 17 декабрь куни соат 20:00 ларда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилиб, Денов тумани, Намозгоҳ МФЙ ҳудудида жойлашган жарима майдони яқинида фуқаро И.К. ЙПХ ходимига 2.150.000 (икки миллион бир юз эллик минг) сўм ҳамда 100 (юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтда ушланган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Денов тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.