Депутатлар йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ишлар билан танишди
2021 йил 12 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги тизимидаги бошқарма ва марказларга ташриф буюрдилар:
Дастлаб депутатлар Миробод тумани, Файзобод кўчасида жойлашган Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ РЎ ва ИО биносига ташриф буюришди. Бўлимда, фуқароларга яратилган шарт-шароитлар, улардан имтиҳон олиш жараёнлари ва транспорт воситалари эгаларига давлат рақам белгиларини бериш тартиби билан яқиндан танишиб чиқдилар.
Ташриф давомида депутатлар “HUMO-F-SERVIS” MCHJ диагностика марказида бўлдилар. Мазкур марказ юртимиздаги автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказувчи йирик хусусий диагностика марказларидан ҳисобланади. Марказ томонидан ўтган давр мобайнида 1500 та енгил типдаги автотранспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилган. Бугунги кунда республикада 136 та бундай фаолият билан шуғулланувчи марказлар фаолият олиб бормоқда.
Шундан сўнг, депутатлар ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси биносига ташриф буюрдилар. Депутатларга республикадаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг самарали бошқаруви, ҳудудлардаги бошқарма ва бўлинмалар фаолияти устидан назорат ўрнатиш борасидаги ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Шунингдек, депутатларга Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси “Махсус батальони” фаолияти ҳам таништирилди. Бугунги кунда янгидан таъмирланган ва барча қулайликларга эга мазкур батальон олий мартабали ва қўриқловдаги шахсларнинг ҳаракати хавфсизлигини таъминлайди.
Мазкур ташриф Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказиладиган мазкур эшитувнинг самарали ташкил этилишига, шунингдек вазирлик ахборотини қизғин ва атрофлича муҳокама қилиб, келгусида соҳани янада ривожлантиришга қаратилган Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати