ДИҚҚАТ, ЯНГИ ТАНЛОВЛАР!
Болалар контентини ривожлантириш маркази “Йўл-Барс берар дарс” номли, болаларга йўл ҳаракат қоидаларини ўргатувчи кўп қисмли мультсериал лойиҳасига ижодий танлов эълон қилади.
Танлов шартлари
Танловга тақдим этиладиган материаллар қуйида кўрсатилган талабларга мувофиқ бўлиши лозим:
1) лойиҳанинг асосий қаҳрамонлари, сюжет линияси, ғоя ва мазмуни акс этган, давлат тилида, адабий тил ва имло қоидаларига риоя қилинган ҳолда А4 формат, 14 кеглда, “Times New Roman” шрифтида, 1,0 интервалда ёзилган 2-3 бетдан иборат синопсиснинг қоғоз ва электрон шакли;
2) лойиҳани амалга оширадиган ижодий гуруҳ таркиби ва фильмографияси, студия томонидан амалга оширилган лойиҳалар, мультсериал қаҳрамонининг тахминий қиёфаси ва лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бошқа жараёнларни қамраб олувчи тақдимотнинг альбом шакли (қоғоз ва электрон вариантда);
3) лойиҳанинг тахминий харажатлар сметаси.
Таклифлар бериш муддати тугаган пайтда камида иккита лойиҳа қабул қилинган бўлса, танлов шарти бажарилган, деб топилади.
Болалар контентини ривожлантириш маркази Экспертлар кенгаши бир ой давомида лойиҳаларни кўриб чиқади, баҳолайди, ғолиб лойиҳани белгилайди ҳамда йиғилиш баёни билан расмийлаштиради.
Ғолиб аниқланмаган ҳолда, қайта танлов эълон қилинади.
Танлов иштирокчилари эълонда кўрсатилган манзил ва тартиб асосида ўз лойиҳаларига ариза ҳамда студия ҳақида қисқача маълумотни бириктирган ҳолда, Болалар контентини ривожлантириш марказига тақдим қилишлари лозим.
Танлов шартларига қатъий амал қилинмаган, имловий хатолари бор, мавзуга алоқаси бўлмаган, фақат интернет маълумотлари ва сунъий интеллект тайёрлаган матндан иборат лойиҳалар танловга қўйилмайди.
Тақдим этилаётган лойиҳаларда болаларнинг маънавий ҳамда руҳий дунёсига салбий таъсир кўрсатувчи, инсоний қадриятларга зид, миллий менталитетимиз ва анъаналаримизга, ёш тоифасига мос бўлмаган муносабатлар акс эттирилмаслиги лозим.
Танловга ҳужжатлар 2025-йил 13-октябрдан 2025-йил 13-ноябрга қадар қабул қилинади.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Изоҳ: тақдим этилган лойиҳаларга тақриз берилмайди ва муаллифларга қайтарилмайди.
Телефон: +998555111505 (ички 1005).
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зиё кўчаси, 2-“А” уй.