Фарғонада беш кун давомида ЙҲХБ ходимига пора бериш билан боғлиқ учта ҳолат аниқланди
Жорий йилнинг 10 ҳамда 13 апрель кунлари Фарғонада ЙҲХБ ходимига пора бериш билан боғлиқ иккита ҳолат аниқланганлиги ҳақида хабар берган эдик. Орадан кўп вақт ўтмасдан Тошлоқ туманида яна бир фуқаро ЙҲХБ ходимига пора берган вақтда қўлга олинди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Фарғона вилояти ИИБ Биринчи минтақавий ҳудуд Тошлоқ тумани ИИБ ЙҲХГ маъмурий материалларни кўриб чиқиш инспектори Ғ.Эрматов вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, ўз билдиргисида, 1997 йилда туғилган фуқаро Р.Қ. ўзига нисбатан ЙПХ инспектори томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 194-моддаси 1-қисми билан расмийлаштирилган баённома бўйича чора кўрмасдан енгиллик яратиб бериш эвазига 100 (юз) АҚШ доллар миқдорида пора таклиф этганлигини маълум қилиб, фуқарога нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.
Ходимнинг билдиргиси асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Р.Қ. Тошлоқ тумани ИИБ ЙҲХБ биносидаги хизмат хонасида Ғ.Эрматовга 100 (юз) АҚШ доллар миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати