Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабарига кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яшнобод туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ж.Н. фуқаро М.И.га 1 500 АҚШ доллари эвазига юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ҳеч қандай имтиҳонларсиз ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришини айтиб, олдиндан 750 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Деҳқонобод туман бўлими ва вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ш.О. фуқаро С.У. ва унинг таниши Ж.Т. лар ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ўқимаган бўлсада, мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотида ишловчи ўзининг танишлари ёрдамида 6 ой ўқиганлиги ҳақида тегишли ҳужжат расмийлаштириб бериши эвазига 7,2 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Шаҳрихон туман бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса, “A.I.T.” МЧЖ автомактаби ўргатувчи устаси Б.Ж. фуқаро И.И.га “B” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришини ваъда қилиб, эвазига 650 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.