Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш истагида бўлган фуқаролар диққатига!
Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун белгиланган ёш меъёрларига риоя қилган ҳолда, ҳайдовчиларни тайёрлаш фаолияти билан шуғулланувчи таълим муассасаларига исталган вақтда бориб, шартнома тузиб ўқишингиз мумкин.
Аммо ўқиш вақтида машғулотларга қатнашмасдан, ўқимасдан вақт ўтказиш эндиликда ўзингизга зарар. Чунки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 272-сон қарорига мувофиқ, эндиликда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун топшириладиган назарий ва амалий имтиҳонлар тадбиркорлик субъектлари томонидан инсон омили чекланган, автоматлаштирилган автодромда ва имтиҳон олиш хоналарида ўтказилиши йўлга қўйилмоқда.
Ушбу тизим инсон омили тўлиқ чекланган, автоматлаштирилган дастур ёрдамида ҳайдовчиликка номзодларни ўқув муассасига келиб кетишларини, дарсларда ва машғулотларда қатнашишларини, ички имтиҳонлардан ўтган ёки ўтмаганликларини тўлиқ назоратини амалга ошириб, якуний назарий ва амалий имтиҳонларга рухсат беради.
Унутманг, имтиҳонлардан ўтиш учун биргина имкониятингиз бор — бу ҳам бўлса яхши ўқиш, йўл ҳаракати қоидаларини пухта ўзлаштириш ва автомототранспорт воситасини бошқаришни мукаммал ўрганишдир.
Керакли малакага эга бўлмасдан, коррупцион йўллар орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ҳақида ўйлаш эндиликда иложсиз ва нотўғри қарор эканлиги ҳақида огоҳлантирамиз.
Шуни инобатга олиб, яна бир бор ҳайдовчилик ҳуқуқини олиш масаласига жиддий эътибор қаратишингизни ва ўз устингизда доимий тарзда ишлашингизни, ҳайдовчиларни тайёрлаш фаолияти билан шуғулланувчи таълим муассасалари маъмуриятидан эса, ўз ўқувчиларига йўл ҳаракати қоидаларини пухта ва амалий машғулотларда автотранспорт воситасини мукаммал бошқаришга ўргатишларини сўраймиз.