Ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабарига кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бандихон, Денов туманлари ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда "A.A." МЧЖ ва "Я.М." хусусий автомактаби ўргатувчи усталари 2 нафар фуқарога ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб бериши эвазига жами 800 АҚШ доллари ва 1,2 млн сўмни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Департаментнинг Тўрткўл туман бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Х.Б. фуқаро Н.Х.га гўёки Беруний тумани ЙҲХБда ишловчи танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 700 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далилар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Вобкент тумани бўлими ва Бухоро вилояти ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.Р. фуқаро Г.Т.ни ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан танишлари ёрдамида ўтказиб қўйиши эвазига 600 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.