Тест режимида

Хабарлар

Ҳозирги кунда болаларнинг ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш – энг устувор вазифалардан бири!

Республикамизда "Хавфсиз болалик" тамойили асосида болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бола ҳуқуқлари бўйича вакили иштирокида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Учрашувнинг асосий мақсади – болаларнинг йўлларда хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилиш бўлди.

Йил бошидан буён амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди. Хусусан, 10 770 та мактабда 6,6 миллиондан ортиқ ўқувчи таҳсил олаётгани, "Хавфсиз болалик" доирасида юзлаб светофорлар, қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари, сунъий нотекисликлар ва темир панжаралар ўрнатилгани, шунингдек, 5150 та мактабда ЙҲҚ ўргатиш синфхоналари ташкил қилингани ва минглаб махсус дарслар ўтказилгани таъкидланди.

Бироқ амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари ҳали ҳам кун тартибида қолмоқда. Учрашувда ушбу муаммолар сабаблари муҳокама қилиниб, аниқ таклифлар берилди.

Болалар хавфсизлигини таъминлашда маҳалла еттилигининг ролини кучайтириш, тарғибот ишларини кенгайтириш ва ота-оналарнинг масъулиятини ошириш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, йўлларда тротуарлар мавжуд эмаслигига эътибор қаратилиб, бу бўйича масъул ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги айтилди.

Учрашув якунида болалар хавфсизлигини таъминлаш – умумий мақсад эканлиги таъкидланиб, бу йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича келишувга эришилди.