ИИВ ЖХД ЙҲХХ раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули Хоразм вилоятида бўлиб ўтди
Юртимизда фуқаролар билан очиқ мулоқот олиб бориш, уларни қийнаётган муаммоларга бевосита жойида ечим топиш, айниқса, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги таклиф ва ташаббусларни ўрганиш бугунги кундаги долзарб масалалардан биридир. Шу мақсадда ИИВ ЖХД ЙҲХХ раҳбарияти томонидан республиканинг турли ҳудудларида мунтазам равишда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.
Навбатдаги сайёр қабул давомида ҳам фуқаролар томонидан йўл инфратузилмасидаги мавжуд муаммолар, пиёдалар ва транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл белгиларининг етишмаслиги, ёритиш чироқлари, пиёдалар ўтиш жойлари ва транспорт оқимининг тартибга солиниши каби масалалар кўтарилди.
Қабул жараёнида ҳар бир мурожаат синчковлик билан тингланди. Масъуллар жойнинг ўзида тегишли ўрганиш ишларини олиб бориб, айрим муаммоларга шу ернинг ўзида амалий ечим топилди. Жумладан, муайян кўчаларга йўл белгиларини ўрнатиш, светофор чироқларини янгилаш, хавфли йўл кесишмаларига қатновни тартибга солувчи техник воситаларни ўрнатиш бўйича кўрсатмалар берилди ва бу борада тегишли хизматларга топшириқлар юклатилди.
Бундан ташқари, қатор фуқароларга қонунчилик доирасида тушунтиришлар берилиб, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айрим ҳолатларда мурожаат эгаларининг ваколатли идоралар билан боғлиқ масалалари ҳам ўрганилиб, улар бўйича тезкор тарзда алоқа йўлга қўйилди.
Сайёр қабулларнинг асосий мақсади — халқ ва давлат органлари ўртасидаги ишончли мулоқотни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни ортга сурмасдан, бевосита жойида ҳал қилишга эришишдир. Энг муҳими, ушбу тадбир фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини оширишга, уларнинг муаммолари тингланаётганини ва амалда ҳал этилаётганини кўрсатишга хизмат қилмоқда.