Тест режимида

Хабарлар

ИИВ раҳбарияти бошчилигида Наманган вилоятида жиноятчилик ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари ташкил этилди

Жорий йилнинг 15 май куни Президентимиз томонидан ўтказилган кенгайтирилган селектор йиғилишида ҳудудларда, айниқса Наманган вилоятида, вояга етмаганларнинг ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмасдан туриб транспорт воситасини бошқариш ҳолатлари кўпайгани таъкидланди.

Мазкур ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш мақсадида Ички ишлар органлари, прокуратура ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг масъулиятини янада ошириш лозимлиги айтилди. Шунингдек, амалга оширилган ишлар танқидий муҳокама қилинди.

Шу боис, 16 май куни вилоят ҳудудида содир этилиши мумкин бўлган автоҳалокатларнинг олдини олиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан тунги хизматга жалб этилган ички ишлар органларининг соҳавий хизмат ходимлари билан хизмат олди йўриқнома ўтказилди.

Унда ходимларга тунги вақтда фуқаролар осойишталигини ишончли таъминлаш, юз бериши мумкин бўлган ҳодисаларнинг барвақт олдини олиш ҳамда қоидабузарликларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш лозимлиги тушунтирилди. Шунингдек, хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиш ҳар бир ходимнинг бурчи экани алоҳида таъкидланди.

Айниқса, вояга етмаганларнинг транспорт воситасини бошқариш ҳолати аниқланган тақдирда, уларга автомобиль калитини бериб қўйган катталар — ота-оналар ёки бошқа шахсларга нисбатан ҳам жавобгарлик муқаррарлиги таъминланиши лозимлиги билдирилди.

Шундан сўнг, тунги хизматга жалб этилган ходимлар вилоят бўйлаб тегишли ҳудудларга тақсимланиб, хизмат фаолиятини бошлашди.