ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимининг бугунги ҳолати: муаммолар, сабаблар, илмий-амалий ҳамкорлик ва самарали ечимлар” мавзусидаги илмий-амалий анжуман ташкил этилди
Бугунги кунда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда халқаро тажриба, илмий асосларга эга бўлган замонавий методикаларнинг ўрни беқиёс. Шу боис, ҳозирда соҳа ривожи учун янгича ахборот технологиялари ёрдамида тизимни рақамлаштириш баробарида кенг жамоатчилик, илмий даражага эга бўлган олимлар сингари катта малакага эга бўлган мутахассисларнинг ҳам таклифлари кенг кўламда ўрганилмоқда.
ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маъмурий биносида ташкил этилган давра суҳбатида айнан шу жиҳатларга кенг эътибор қаратилди. Ички ишлар вазирлиги тизимидаги таълим ва илмий муассасалар, шунингдек, нуфузли олий таълим муассасалари профессор-олимлари иштирокида ўтказилган тадбир аввалида аянчли автоҳалокатлар акс этган видеоролик намойиш этилди. Шундан сўнг, бугунги кунда автоаварияларнинг олдини олиш борасида Хизмат томонидан амалга оширилаётган чора тадбирлар тўғрисида қисқача маълумот берилганидан сўнг, йиғилганлар иштирокида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, илмий ёндашувлар асосида самарали ечимларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш механизмлари муҳокама қилинди.
Соҳа тараққиёти учун олиб борилаётган илмий изланишлар эътироф этилиб, қизғин савол-жавоб, кенг мунозаралар давомида келгусида бажарилиши лозим бўлган бир қатор ишлар белгилаб олиниб, ижроси юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
Бу каби илмий анжуманлар келгусида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.