Ижтимоий тармоқда тарқалган, Бектемир туманида содир бўлган ҳолат юзасидан маълумот
Бугун, 2022 йил 17 февраль куни соат 11:00 ларда, Тошкент шаҳар, Бектемир тумани, ТХАЙ кўчаси ёқасида жойлашган "Қўйлиқ" қурилиш моллари бозори яқинида, "Equinox" русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхташ тақиқланган жойга тўхтаган вақтда ЙПХ ходими томонидан транспорт воситаси автотураргоҳга қўйилиши бўйича ҳайдовчи огоҳлантирилган. Ходимнинг мурожаатига эътибор қаратмаган ҳайдовчи бозор ичига кириб, тахминан 5-10 дақиқада автомобилининг ёнига қайтиб келган. ЙПХ ходими ҳайдовчига мурожаат қилиб, қоидани бузганлигини, тегишли меъёрий ҳужжатларини тақдим қилишини сўраган вақтда, ҳайдовчи қонуний талабни бажармасдан автомобилини бошқариб кетган ва тахминан 500 метр масофа узоқликда хизмат олиб бораётган яна бир ЙПХ ходими томонидан тўхтатилган. Ўзаро мулоқот жараёнида ҳайдовчи ЙПХ ходимларини турли сўзлар билан ҳақоратлаб, қонуний талабни бажармасликда давом этиб, фаол қаршилик кўрсатган. ЙПХ ходимлари томонидан ҳайдовчи, 1982 йилда туғилган В.П.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 128 прим 6 (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши) ҳамда 194-моддалари (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) тартибида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган. Тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда кўриб чиқишлик учун Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судига юборилиши чоралари кўрилмоқда.
Жараёнлар юзасидан қўшимча маълумот берилади...