Ижтимоий тармоқда тарқалган видео юзасидан муносабат
Ижтимоий тармоқда юк автомобили ҳайдовчиси ҳамда йўл-патруль хизмати ходими суҳбати акс этган видео тарқалиб кенг жамоатчилик томонидан муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
2023 йил 26 июнь куни соат 19:20 ларда "Man" русумли, давлат рақам белгиси 40X593BB бўлган юк автомобили ҳайдовчиси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги 337-сонли қарори талабларини бузган ҳолда А-373 "Тошкент-Ўш" автомобиль йўлининг 193-километрида жойлашган вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилувчи пунктга кирмасдан йўлида давом этганлиги учун "Чинор" ЙПХ масканида ИИВ ЖХД ЙҲХХ "Қамчиқ" отряди бўйича ЙПХ катта инспектори Б.Ортиқов томонидан тўхташ ишораси берилганда тўхтамасдан ҳаракатда давом этган.
ЙПХ ходими Б.Ортиқов хизмат автомобилида мазкур ҳайдовчининг ортидан кузатиб борган ва А-373 автомобиль йўлининг 198-километрида тўхтатиб, ўлчов пунктига нима сабабдан кирмаганлигини ва меъёрий ҳужжатларини тақдим этишини ҳайдовчидан сўраган.
Ҳайдовчи ЙПХ ходимида мавжуд бўлган бодикамера мосламаси бўйича эътирозлар билдириб, ҳужжатларини тақдим этишдан бош тортган ва ходимнинг қонуний талабини бажармасдан автомобилни бошқариб йўлида давом этган. Ҳолат юзасидан ЙПХ ходимининг билдиргиси асосида суриштирув олиб борилди ва "Man" русумли, 40X593BB давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчиси, 1995 йилда туғилган О.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 194-моддаси тартибида маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Расмийлаштирилган баённома ҳамда тўпланган ҳужжатлар ўрнатилган тартибда суд органлари томонидан кўриб чиқилади.
Барча ҳайдовчилардан йўлларда қоидаларга ва белгиланган талабларга риоя этган ҳолда ҳаракатланишларини сўраймиз.