Ижтимоий тармоқда "Андижонда ҳайдовчи ходимни ўлдириш билан қўрқитди" изоҳи остида тарқалган хабар юзасидан маълумот
2022 йил 15 май куни Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани, "Ўроқчитепа" МФЙ ҳудудида хизмат олиб борган ЙПХ ходими У.Мухторов томонидан "Captiva" русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхтатилган. Ҳайдовчи, 1979 йилда туғилган Ш.Х. "Tico" автомобилига тегишли бўлган давлат рақам белгисини "Captiva" русумли автомобилга ўрнатиб, бошқариб юрганлиги аниқланган. Қоидабузарлик ҳолати бўйича баённома тузилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
Шундан сўнг, орадан вақт ўтиб фуқаро Ш.Х. танишлари И.Т. ҳамда Ш.Ш.лар билан ЙПХ ходими У.Мухторовнинг ёнига келган. ЙПХ ходими қонуний чора кўрилганлигини тушунтирган вақтда фуқаролар ходим билан жанжаллашиб зиддиятли вазиятни юзага келтирган. Мазкур вазиятда фуқаролар ходимга хизматда фойдаланиш учун бириктирилган алоқа воситаси, кўкрак нишон белгиси ҳамда планшет мосламасини олиб воқеа жойидан яширинган.
Ходимнинг билдиргиси асосида, тезкор ходимларнинг аралашуви билан уччала фуқаролар туман ИИБга олиб келинган. Улар томонидан олиб кетилган воситалар қайтариб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2022 йил 16 май куни Жалақудуқ тумани прокуратураси томонидан фуқаролар Ш.Х., И.Т. ва Ш.Ш.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг уччаласи ҳам Жиноят Процессуал Кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.