Ижтимоий тармоқда “Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома йўқлиги сабаб фуқаролар оввора бўлишмоқда” изоҳи билан тарқалган хабар юзасидан маълумот
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги 116-сон “Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ пластик шаклдаги гувоҳномалар 2017 йил 1 октябрдан жорий этилди.
Ушбу гувоҳномалар жорий этилган дастлабки ойларда 60 мингдан 70 мингтагача берилган бўлса, дастлаб гувоҳномаларнинг алмаштириш муддати 2021 йил 31 декабргача белгиланганлиги сабабли охирги ойларда автомототранспорт воситасларини расмийлаштириш, қайта расмийлаштириш бўйича мурожаатлар сони кескин ортиб, бир ойда берилаётган гувоҳномаларнинг сони 140 мингтани ташкил этмоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 ноябрдаги 690-сонли қарори талабларига асосан, гувоҳномаларни алмаштириш муддати узайтирилди. Гувоҳномаларни алмаштириш ишларини босқичма-босқич амалга ошириш белгиланди (биринчи босқич - 2022 йил 31 мартгача, иккинчи босқич - 2022 йил 30 июнгача, учинчи босқич – 2022 йил 30 сентябргача, тўртинчи босқич – 2022 йил 31 декабргача).
Шу билан қаторда, охирги ойларда мурожаатларнинг сони олдинги ойларга нисбатан салкам икки баравар ошиши оқибатида гувоҳномаларни беришда айрим узилишлар юзага келмоқда. Мазкур камчиликларни бартараф қилиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан гувоҳномалар учун буюртмалар сони кўпайтирилиб, ҳудудларга тарқатилди ва мазкур узилишларга барҳам берилди.
Юзага келган ноқулайликлар учун Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси автомототранспорт воситалари эгаларидан узр сўрайди.