Тест режимида

Хабарлар

Ижтимоий тармоқда эълон қилинган хабар юзасидан муносабат

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон “Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини автомототранспорт воситаларига расмийлаштириб бериш тартиби белгиланган.

Мазкур қарорнинг 1-иловаси 31-бандига кўра, олдин берилган (илгари фойдаланишда бўлган) рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари автотранспорт воситасининг аввалги эгаси томонидан сақланмаганда, улар кейинчалик давлат рўйхатидан ўтказилганда автотранспорт воситаси янги эгасининг аризасига асосан ўша автотранспорт воситасига расмийлаштирилиши мумкин.

Агарда давлат рақам белгиси аввалги эгаси томонидан сақланмаганда, давлат рақами белгиси белгиланган тартибда ҳудудий ЙҲХБ Рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлинмалари томонидан кирим қилиниб, комиссия иштирокида фойдаланишга яроқли деб топилганлари қайта расмийлаштириш учун олиб қўйилади, фойдаланишга яроқсиз деб топилганлари белгиланган тартибда қирқиш йўли билан йўқ қилинади.

Олдин берилган (илгари фойдаланишда бўлган) РЎДРБлар такроран берилганда оширилган тўлов ставкаси тўлови назарда тутилмаган ҳолда РЎДРБни бериш учун тўлов ставкасининг 50 фоизи (бугунги кунда 225 минг сўм) миқдорида тўлов суммаси белгиланади.

Маълумот учун: рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси учун тўлов суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 бараварини (450 минг сўмни) ташкил этади. Бугунги кунда базавий ҳисоблаш миқдори 300 минг сўмни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, мазкур қарорга асосан битта партия (999 жуфт) рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларидан 328 таси аукцион савдоларига қўйилиши ва 671 таси ДЙҲХХ томонидан расмийлаштириб берилиши белгиланган. Жумладан, 01*715** рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси аукцион савдоларига қўйилмасдан тўғридан-тўғри ДЙҲХХ томонидан расмийлаштириб берилади.

Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини автотранспорт воситаси эгаси томонидан бошқа шахсга сотиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилмаган.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарорининг 3-бандида жисмоний ва юридик шахсларга автотранспорт воситалари учун харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкалари бўйича бериш ставкалари Ўзбекистон Республикасининг Республика бюджетига тўлиқ ҳажмда ўтказиладиган, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик баравари (45 млн. сўм) миқдорида белгиланган.

Шунга асосан, фуқаролар томонидан мазкур қарорга мувофиқ буюртма асосида белгиланган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини ҳудудий ЙҲХБларга мурожаат қилиш орқали олиш мумкинлигини маълум қиламиз.

Маълумот учун: Мазкур қарорда буюртма асосида ҳарфлари бир хил бўлган 4-6-тоифага кирувчи давлат рақами белгилари назарда тутилган.