Тест режимида

Хабарлар

Ижтимоий тармоқда "ГАИ ходими ҳайдовчига ноҳақ баённома туздими?" сарлавҳаси остида тарқалган видео юзасидан маълумот

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни соат 10:10 ларда Жиззах вилояти, Жиззах шаҳар, Ислом Каримов шоҳ кўчасида ЙПХ ходими А.Тўрақулов "Lacetti" русумли хизмат автомобилида ҳаракатланаётиб, йўлда гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларининг эркин ҳаракатига халақит бериб кетаётган автомобилларни кўрган ва олдиндаги чорраҳада хизмат олиб бораётган ходимга алоқа воситаси орқали хабар берган.

Транспорт воситалари серқатновлиги сабаб мазкур гуруҳ бўлиб кетаётган автомобилларни барчасини тўхтатиш имконияти бўлмаган ва ЙПХ ходими Б.Раззоқов томонидан ушбу гуруҳдаги "JAC SUNRAY" русумли микроавтобус тўхтатилган. Ўзаро мулоқот вақтида ҳайдовчи гуруҳга қўшилмаганлигини таъкидлаган. ЙПХ ходими томонидан тушунтиришлар берилиб, ҳайдовчи огоҳлантирилган.

Мазкур ҳудудга яқин жойда бўлган Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Х.Холқўзиев келиб, турли тадбирлар ҳамда тўй маросимларида ҳаракатланувчи ҳайдовчилар орасида гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланмаслик, йўл ҳаракати қатнашчиларининг эркин ва хавфсиз ҳаракатига халақит бермаслик борасида тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилиб, ҳайдовчилар огоҳлантирилган.

Барча ҳайдовчилардан ҳар қандай тадбир ва маросимлар вақтида қоидаларга, тезлик меъёрига риоя қилишларини, гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланмасликларини сўраймиз.