Ижтимоий тармоқда "Навоийда ГАИ ходими ҳайдовчига тонировка учун баённома ёзиб қўйиб юбордими?" сарлавҳаси остида тарқалган видео юзасидан маълумот
Жорий йилнинг 15 август куни соат 03:30 ларда, Навоий вилояти, Кармана тумани ҳудудида жойлашган "Самарқанд" мунтазам ЙПХ масканида хизмат олиб борган ЙПХ ходими А.Умедов томонидан "Toyota" русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхтатилган. Текширув давомида ЙПХ ходими планшет қурилмасига автомобилнинг маълумотларини киритганда ён ойналари туси қорайтирилганлиги бўйича рухсатнома ҳақида маълумот чиқмаганлигини ҳайдовчига маълум қилган. Ҳайдовчи ўз эътирозларини билдирган. Рухсатномаси борлигини, лекин кўрсатмаслигини, планшет қурилмаси орқали текшириб олиши мумкинлигини айтган. Шундан сўнг, ЙПХ ходими қоғоз шаклидаги маъмурий баённомани тўлдиришни бошлаган вақтда ҳайдовчи автомобили ён ойналарининг туси қорайтирилиши учун берилган рухсатномани кўрсатган. ЙПХ ходими баённомага шу кунги санани, ҳудуд номини ва ўз лавозими ҳамда исм-фамилиясини киритганлигини айтиб, баённомани тўлдиришни тўхтатган. Ҳайдовчи ўз эътирозларини билдириб йўлида давом этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув олиб борилмоқда.