Ижтимоий тармоқда "Нега автомашина сотилганда аукциондан олинган давлат рақами белгиси эгасига қайтарилмасдан кесиб ташланмоқда?" сарлавҳаси остида тарқалган видео юзасидан маълумот
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарорининг 1-иловаси "Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом"нинг 29-бандига кўра, "Автотранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказишда олдин берилган (илгари фойдаланишда бўлган) оширилган тўлов ставкалари бўйича автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси ва харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган оширилган тўлов ставкаси бўйича автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси транспорт воситасининг аввалги эгасининг аризасига кўра ҳудудий ЙҲХДХ органига ўн икки ой муддатга сақлаш учун топширилиши мумкин. Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгисини сақлаганлик учун тўлов ундирилмайди." дея кўрсатилган. Шунингдек, 31-бандининг тўртинчи хатбошисига кўра, "Олдин берилган (илгари фойдаланишда бўлган) рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари, шу жумладан харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган оширилган тўлов ставкаси бўйича автотранспорт воситалари учун, улар автотранспорт воситалари эгалари томонидан сақланмаган ҳолатларда ҳудудий ЙҲХДХ органлари томонидан олиб қўйилади ва белгиланган тартибда йўқ қилинади." - дея кўрсатилган.
Видеода келтирилган мурожаат ўрганилиб, фуқаро М.Н.га тегишли бўлган "Дамас" русумли автомобилнинг 50 Z111NA давлат рақам белгиси юқорида келтирилган қарор талаблари асосида сақлаш учун ариза берилмаганлиги сабабли 01.06.2021 йилда белгиланган тартибда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ РЎ ва ИОБ томонидан йўқ қилинганлиги маълум бўлди.