Ижтимоий тармоқда тарқалган видео юзасидан муносабат
Ижтимоий тармоқда "Қачондан бери ҳайдовчи содир этмаган қоидабузарлиги учун бадал тўлаши керак?" сарлавҳаси остида тарқалган видео юзасидан маълумот
Транспорт воситаларини қисқа муддатга шартнома асосида юридик ва жисмоний шахсларга ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларини шартнома асосида бошқараётган шахс томонидан фойдаланиш давомида йўл ҳаракати қоидабузарлиги ҳолати Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан аниқланиб, транспорт воситаси Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 291-моддаси 1-қисмига асосан вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилган тақдирда қоидабузарлик юзасидан маъмурий иш ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилганидан сўнг юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган ходими ёки йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этилган вақтда юридик шахсга тегишли транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчи тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни (паспорт нусҳаси, яшаш манзили, ҳайдовчилик гувоҳномасининг нусҳаси, ИНН, ҳайдовчининг тилхати, ишончнома ёки йўл варақаси, мавжуд ҳолларда ижара шартномаси, транспорт воситасининг топшириш вақтида ҳайдовчи тиббий кўрикдан ўтканлиги юзасидан тиббий маълумотнома, тушунтириш хати ва бошқа ҳужжатларни илова этган ҳолда) маъмурий ишни кўриб чиққан давлат органига расмий хат орқали тақдим этилганидан сўнг юридик шахсга тегишли транспорт воситасини жарима майдонидан олиб чиқиш учун руҳсат берилади.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 291-моддаси 3-қисмида “Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима солиш ҳақида қарор чиқарилган кундан эътиборан олтмиш кун ичида жарима тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган ваколатли орган раҳбарининг ёзма кўрсатмасига биноан жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг ижроси юзасидан иш юритиш тугагунига қадар ушлаб турилади” деб кўрсатиб ўтилганлиги сабабли, ўрнатилган муддатларда қарздорлиги бартараф этилмаган транспорт воситалари аниқланган тақдирда транспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилишини маълум қиламиз.
Шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фаолиятида мавжуд бўлган 11 та тарқоқ ахборот тизимларини ягона платформага бирлаштириш ва ягона тезкор бошқарувни йўлга қўйиш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан жорий йилнинг 5 сентябридан ягона автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилди.
Мазкур тизимнинг жорий этилиши келгусида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида мавжуд анъанавий тарзда кўрсатиладиган давлат хизматлари тизимларини такомиллаштиришга, ахборот технологиялари бўйича ягона сиёсатни олиб бориш ва тўлиқ рақамлаштиришга, ахборотлар хавфсизлигини таъминлашга, тизимларнинг узлуксиз ишлашига, маълумотларнинг актуаллигига, сервер қурилмаларини назорат қилишга, ўқув ва имтиҳон олиш жараёнини назорат қилишга, автомобил йўлларида ҳаракатни тўғри ташкил этишга, содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари тўғрисидаги маълумотларни зудлик билан олишга, тезкор бошқарувни амалга оширишга, шунингдек, инсон омилини чеклаган ҳолда йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлашга хизмат қилади.
Шуни алоҳида такидлаш лозимки, дастлабки босқичда Ягона тизимнинг асосий (“Ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳисоби”, “Автотранспорт ҳисоби” ва “Кадрлар ҳисоби”) модуллари яратилган бўлиб, хозирда "Маъмурий амалиёт" модулини ишга тушириш бўйича техник ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу модул доирасида, “каршеринг” ташкилотларидан автомототранспорт воситаларини ижарага олган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида каршеринг ташкилотларига Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг "Маъмурий амалиёт" автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш ва йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларни тизимга тезкорлик билан киритиш имконияти тақдим этилишини маълум қиламиз.