Ижтимоий тармоқда тарқалган, Чироқчи туманида ЙПХ ходимлари ва фуқаролар ўртасида тортишувли вазият акс этган видео юзасидан маълумот
2022 йил 26 апрель куни Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани, Хонжон кўчасида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли, транспорт воситаларининг ҳаракати туман деҳқон бозори олдидан ташкил этилганлиги боис, бозор атрофида транспортлар серқатновлиги ортган. Шунингдек, ушбу бозор олдида ўрнатилган 3.27 "Тўхташ тақиқланган" йўл белгисига риоя қилмасдан, белгининг таъсир доирасида тўхтаб турган автомобиллар сабаб тирбандлик юзага келган. Ушбу ҳудудда хизмат олиб борган ЙПХ ходимлари қоидани бузиб тўхтаб турган автомобилларни планшет мосламаси орқали суратга олиб, ўз хизмат вазифасини бажараётган вақтда қоидани бузган ҳолда тўхтаб турган автомобилларнинг ҳайдовчилари ЙПХ ходимларига эътироз билдириб, турли ноўрин сўзлар билан зиддиятли вазиятни юзага келтирган. Атрофдаги бошқа фуқаролар ҳам тўпланиб вазият янада жиддийлашган. Фаол қаршилик кўрсатган фуқаролардан бири жанжалли вазиятдан фойдаланиб, ЙПХ ходими Б.Каримовнинг бодикамераси ва кўкрак нишон белгисини юлиб олган.
Воқеа жойи Чироқчи тумани прокуратураси ходимлари томонидан ўрганилиб, ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Фуқаролар Ш.Б., Н.Б., Н.Д. ва Қ.А.лар гумонланувчи сифатида жалб этилиб, ушбу фуқароларнинг 3 нафари Жиноят Процессуал Кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди.