Ижтимоий тармоқда тарқалган хабар ўрганилиб, бошқа шахсга нисбатан тасдиқланган жарима солиш тўғрисидаги қарор бекор қилинди
Жорий йилнинг 1 март куни ижтимоий тармоқда "Nexia" русумли автомобиль ҳайдовчиси томонидан содир этилган қоидабузарлик ҳолати бўйича "Cobalt" русумли автомобиль эгасига нисбатан жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилганлиги акс этган сурат ва изоҳ тарқалди.
Мазкур хабар ўрганилиб, Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ масъул ходими томонидан хатоликка йўл қўйилгани, яъни, 2022 йилнинг 18 февраль куни соат 21:20да Сурхондарё вилояти, Денов тумани, М-41 автомобиль йўлининг 1491-1493-километрлари оралиғида, "Nexia" русумли, 75B582EA давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчиси 70 км/соат тезлик чегараланган жойда 98 (98-5=93) км/соат тезликда ҳаракатланганлиги махсус мослама ёрдамида қайд этилган бўлиб, қайд этиш вақтида автоматик тарзда 75B582EA давлат рақам белгисидаги "7" рақами "9" бўлиб, 95B582EA тарзида нотўғри қайд этилганлиги, масъул назоратчи ходимнинг эътиборсизлиги сабаб, "Cobalt" русумли, 95B582EA давлат рақам белгили автомобиль мулкдорига нисбатан жарима солиш тўғрисидаги қарор тасдиқланганлиги маълум бўлди.
Айни вақтда ушбу қоидабузарлик юзасидан "Cobalt" русумли, 95B582EA давлат рақам белгили автомобиль мулкдорига нисбатан тасдиқланган жарима солиш тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда бекор қилиниб, "Nexia" русумли, 75B582EA давлат рақам белгили автомобиль мулкдорига нисбатан тасдиқланган.