Ижтимоий тармоқда тарқалган, ЙПХ автомобилининг устига чиқиб ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаро юзасидан маълумот
2022 йил 25 январь куни соат 15:00 ларда Қўнғирот тумани, Ипак йўли кўчасида кўринишидан вояга етмаган бола йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига тегишли бўлган, тўхтаб турган "Lacetti" русумли, 95545VSF давлат рақам белгили махсус хизмат автомобилининг устига чиққан ва унинг мазкур хатти-ҳаракатлари дўсти томонидан тасвирга олинган. Видеотасвир ижтимоий тармоқда тарқатилган.
Ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилганда, мазкур ҳуқуқбузарликни вояга етмаган, 2005 йилда туғилган Б.Т. содир қилганлиги маълум бўлди. Ҳудудий профилактика инспектори томонидан тўпланган ҳужжатлар вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссияси томонидан ўрганилиб, ушбу вояга етмаган боланинг отаси Ж.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) биринчи қисми тартибида БҲМнинг бир баравари миқдорида жарима жазоси белгиланган.
Барча ота-оналардан ўз фарзандларига эътиборли бўлишларини, тартиб ва қоидалар ҳақида доимий равишда тушунтиришлар бериб боришларини сўраймиз.