Ижтимоий тармоқда тарқалган "Махсус тадбирдаги ЙПХ ходимида дислокация бўлмас экан" сарлавҳаси остидаги видео юзасидан маълумот
Жорий йилнинг 11 август куни соат 10:30 ларда, Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Т.Малик ҳамда Дўрмон йўли кўчалари чорраҳасида ЙПХ ходимлари Х.Сайдазимов ва К.Эшбоевлар томонидан "Cobalt" русумли автомобиль ҳайдовчиси 1.1 йўл ётиқ чизиғини босиб ҳаракатланганлиги боис тўхтатилган. Ҳайдовчига нисбатан баённома тузилган. Ҳайдовчи ЙПХ ходимларидан дислокация кўчирмасини кўрсатишни сўраган вақтда ЙПХ ходимлари махсус тадбирга бириктирилганликларини, навбатчилик қисмидан сўраб билиши мумкинлигини ҳайдовчига тушунтиришган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрда 975-сон қарори билан тасдиқланган "Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида Низом"нинг 11-бандига кўра, "Йўл ҳаракати қатнашчиси махсус тадбирларни ҳақиқатда тасдиқланган режа асосида ўтказилаётганлиги ҳақида марказий ахборот-диспетчерлик хизмати — ахборот-диспетчерлик хизматига телефон қилиш ёки ушбу ходим хизмат олиб бораётган ДЙҲХХ саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғига мурожаат қилиш орқали маълумот олиши мумкин. Бунда ЙПХ ходими йўл ҳаракати қатнашчисининг талабига кўра, МАДХ — АДХнинг телефон рақами ҳақида маълумот беради. Йўл ҳаракати қатнашчисига махсус тадбирларнинг ўтказилиш мақсади, транспорт воситасини тўхтатган ЙПХ ходими махсус тадбирда иштирок этган ёки этмаганлиги, транспорт воситаси тўхтатилган ҳудудда махсус тадбир ўтказилганлиги ҳақида маълумот берилади. Махсус тадбирнинг шартли номланиши, тўлиқ моҳияти ҳамда кўлами ҳақида маълумот, шунингдек, махсус тадбирнинг ўтказилишига асос бўлган ҳужжатлар кўрсатилмайди, улардан нусхалар берилмайди." - дея белгиланган.