Ижтимоий тармоқда тарқалган видео ўрганилиб, қоидаларни қўпол тарзда бузган ҳайдовчига чора кўрилди
Ижтимоий тармоқда "Lacetti" русумли, 40О055ОА давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчиси ва унинг ортидан ҳаракатланган (видео тасвирга олаётган фуқаро) автомобиль ҳайдовчиси йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган бўлагига чиқиб, светофорнинг тақиқловчи чироғига риоя қилмасдан ҳаракатланганлиги акс этган видео тарқалди.
Видео юзасидан Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув олиб борилганда, видеода акс этган қоидабузар ҳайдовчи бошқарувидаги "Lacetti" русумли автомобиль 2021 йил декабрь ойида 40S077EA давлат рақам белгиси билан рўйхатдан ўтказилганлиги маълум бўлди. Ҳайдовчи аниқланиб, 1987 йилда туғилган И.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 128⁵-моддаси 2-қисми ҳамда ишончномасиз транспорт бошқарганлиги бўйича 135-моддаси 1-қисми тартибида баённома тузилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилди.
Шунингдек, мазкур қоидабузар ҳайдовчининг ортидан видеотасвирга олиб, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган бўлагига чиқиб ҳаракатланган ҳайдовчини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.
Барча ҳайдовчилардан қоидаларга риоя қилишларини сўраймиз.