Ижтимоий тармоқда тарқалган хабар юзасидан муносабат
Дарҳақиқат, Президентимиз ҳузурида автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини камайтириш бўйича 2022 йилнинг 11 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига бир қатор топшириқ ва вазифалар юклатилди.
Мазкур топшириқ ва вазифалар ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирининг ўринбосари Б.Т.Абдуллаев раҳбарлигида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил қилинди.
Ишчи гуруҳ томонидан биринчи навбатда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва мазкур ҳужжатларда белгиланган тадбирларни амалиётга жорий этиш белгилаб олинди.
2022 йилнинг апрель ойидан бошлаб бугунги кунга қадар ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган лойиҳалар асосида Ўзбекистон Республикасининг 1 та қонуни, Президентимизнинг 5 та, Вазирлар Маҳкамасининг 11 та қарорлари қабул қилди.
Шунингдек, Ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган 4 та қонун ва 6 та Ҳукумат қарори лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасида ва яна 6 та қарор лойиҳаси вазирлик ҳамда идораларда кўриб чиқилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, юқорида санаб ўтилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда асосий эътибор – йўлларда ҳаракатланиш маданиятини ошириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва ҳар бир фуқаронинг йўлларда ҳаёти ва саломатлигини асрашга қаратилди.
Қабул қилинган қарорларнинг энг асосийси бу Президентимизнинг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-190-сон ҳамда 2022 йил 13 июльдаги “2022 – 2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-316-сон қарор бўлди.
Президентимизнинг ПҚ-190-сон қарори билан эксплуатaция-монтаж бўлинмалари ҳокимликлар тасарруфидан ҳудудий Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларига ўтказилди ва уларнинг зиммасига Нукус ва Тошкент шаҳарлари, вилоятлар, туман(шаҳар)лар марказларида йўл белгилари, кўрсаткичлари ва светофорларни ўрнатиш, йўл чизиқларини чизиш вазифалари юклатилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Республика махсус комиссияси фаолияти йўлга қўйилди.
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси ташкил этилди.
Алоҳида тўхталиб ўтиш лозимки, ПҚ-316-сон қарор билан тасдиқланган 840 банддан иборат 5 йилга мўлжалланган (2022-2026 йиллар) “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурида илк бор ҳар бир вилоят кесимида, йилма-йил ажратилган ва масъул ижрочилар кўрсатган ҳолда қуйидаги 5 та долзарб йўналиш бўйича аниқ параметрлар билан манзилли чора-тадбирлар белгиланди:
Маълумот учун: Ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарларда мамлакат доирасидаги глобал ҳаракатлар режаси ҳақида сўралган (Где глобальный план действий
в рамках страны?)
1) йўл инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш йўналиши;
(мазкур йўналишда, жумладан Қорақалпоғистон Республикасида 15 700 та янги йўл белгиларини ўрнатиш, яроқсиз ҳолатдаги 27 000 тасини алмаштириш, мактаблар олдида тезликни чекловчи 1 400 та йўл белгиларини ўрнатиш, аҳоли пунктларида 69 км йўлларни сунъий ёритиш, 131 км велосипед йўлакларини қуриш белгиланган)
2) йўлларда ҳаракатни бошқариш тизимини рақамлаштириш йўналиши;
(мазкур йўналишда, жумладан Андижон вилоятида 2023 йилда Йўлларда транспорт оқимини назорат қилиш мониторинг марказини ташкил қилиш,
йўл белгилари жойлари аниқ кўрсатилган ягона электрон харитани яратиш, қоидабузарликларни қайд этувчи 206 та камера ўрнатиш назарда тутилган)
3) жамоат транспортини ривожлантириш ва рақамлаштириш йўналиши;
(мазкур йўналишда, жумладан Бухоро вилоятида 21 та янги жамоат транспорти йўналишларини ташкил қилиш, 195 та жамоат транспорти йўналишларини автоматлаштирилган диспетчерлик хизматига ўтказиш, 80 та бекатни йўловчиларга маълумотларни реал вақт режимида тақдим этувчи мониторлар билан жиҳозлаш ва бошқалар кўзда тутилмоқда)
4) йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташвиқот ишларини кучайтириш, болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий ўргатишни йўлга қўйиш йўналиши;
(мазкур йўналишда, жумладан Навоий вилоятида 323 та мактабда йўл ҳаракати қоидалари ўргатиш синфхоналарини ташкил қилиш, йўл-транспорт ҳодисалари энг кўп юз берадиган йўлларда 780 та йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг ташвиқот воситаларини (реклама-ахборот плакатларини) ўрнатиш, 108 марта “Диққат, йўловчи!”, “Диққат, болалар!” номли профилактик тадбирларни ўтказиш ва бошқа чоралар белгиланмоқда)
5) ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда автотранспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назоратни кучайтириш йўналиши;
(мазкур йўналишда, жумладан Наманган вилоятида мавжуд 45 та ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув ташкилотларини, шунингдек, 12 та автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш марказларини Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мониторинг марказига интегрaция қилиш ва бошқа чоралар назарда тутилмоқда)
“Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастуридаги 840 банднинг барчаси “IJRO.GOV.UZ” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимига жойлаштирилган бўлиб, ижроси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ҳисоб палатаси томонидан назоратга олинган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан “Йўл ҳаракати қоидалари” янги таҳрирда тасдиқланди.
Бунда амалда бўлган тўғрисида “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 141 та бандига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди ҳамда 20 та янги тушунча жорий қилинди.
Тегишли йўл белгилари ўрнатилган мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларига етмасдан ва ўтиб кетиб 300 метрдан кам масофада соатига 30 километрдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 20 километрдан оширмасдан ҳаракатланиш белгилаб қўйилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги “Таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 212-сон қарори талаблари асосида ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бошқармаларида умумий ва ўрта таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш гуруҳи катта инспектори лавозимлари жорий этилди.
Таълим муассасаларида кўнгилли ёшлар иштирокида йўл ҳаракати қоидаларини фаол тарғиб қилувчи “Йўл ҳаракати қоидалари ёш тарғиботчиси” клуби ташкил этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 апрель куни “Йўл ҳаракати қоидаларига автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш киритиш тўғрисида” 140-сон қарори билан Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоятлар ва туманларнинг марказларида, шунингдек шаҳарлар ҳудудларида транспорт воситаларининг тезлиги соатига 60 километр қилиб белгиланди.
Қабул қилинган қарорларнинг барчаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, уларда белгиланган нормалар асосида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан бир қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, эксплуатaция-монтаж бўлинмалари томонидан ўз масъуллик ҳудудларида 2022 йилда “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурида белгиланган 10902 та йўл белгилари, мактаблар олдида 3376 та тезликни чекловчи йўл белгилари, 1390 та йўл кўрсаткичлари ўрнатилди, 16900 та эскирган йўл белгилари янгисига алмаштирилди, 101 та светофор қурилмаси, 204 та пиёдалар светофори ўрнатилди, 220 та светофор қурилмаси реконструкция қилинди.
Светофор қурилмаларини ўрнатишдан олдин бир қатор ўрганиш олиб борилади.
Бунда светофор қурилмаси ўрнатилиши режалаштирлаётган чорраҳа ёки йўл участкаси шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига (ШНҚ) мослиги нуқтаи-назаридан ўрганилади, шунингдек, ушбу жойдан ўтадиган пиёдалар ва транспорт воситаларининг ҳаракат жадаллиги ҳисобланади.
Мазкур жой амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига жавоб берса, светофор қурилмасини ўрнатиш бўйича ижобий хулоса қилинади.
Шунингдек, 993 та мактабда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш синфхоналари, 903 та маҳаллада ҳамда 873 та мактабгача таълим ташкилотларида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш майдончалари ташкил этилди.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, 2022 йилга қадар республика бўйича бор-йўғи 67 та мактабда синфхоналар, мактабгача таълим ташкилотларида 56 та, маҳаллаларда бор-йўғи 5 та йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш майдончалари мавжуд бўлган, холос.
Республика бўйича 15 та “Нурли маскан” мактаблари ҳудудларида “Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш махсус майдонча”лар ташкил этилди.
Шунингдек, кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар, жумладан, болалар таълим олаётган, меҳнат қилаётган ҳамда яшаш ҳудудларида овозли светофорлар ва ҳасса билан юриш учун мослаштирилган алоҳида йўлаклар ташкил этилди.
Йўл ҳаракати иштирокчилари, жумладан, велосипедларнинг ҳаракатланиши учун қулайликлар яратиш мақсадида республика бўйича 408 км. велойўлаклар ташкил этилди.
ИИВ ЖХД ЙҲХ хизматининг ташаббуси билан 154 та пиёдалар ўтиш жойлари ёритилди, 651 та пиёдалар ўтиш жойларидаги светофорларнинг ёниш вақти пиёдалар устунлигини инобатга олган ҳолда ўзгартирилди.
Бу борадаги ишлар жадаллаштирилиб, 2023 йилда ўтган 3 ойида республика бўйича эксплуатaция-монтаж бўлинмалари томонидан 85 та транспорт (2022 йилнинг шу даврида бор-йўғи 15 та), 57 та пиёдалар (2022 йилда
21 та) светофорлари ўрнатилди.
Мактабларнинг олдига 32 та светофор қурилмалари, 429 та суний нотекисликлар ўрнатилди.
8527 та йўл белгилари, мактаблар олдида 429 та тезликни чекловчи йўл белгилари ўрнатилди, 18481 та эскирган йўл белгилари янгисига алмаштирилди, 4508 км узунликдаги йўлларга йўл ётиқ чизиқлари чизилди.
Шунингдек, мактабларда 276 та йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш синфхоналари, маҳаллада ва мактабгача таълим ташкилотларида 166 та йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш майдончалари ташкил этилди, 59904 м2 узунликдаги йўлларга йўл ётиқ чизиқлари чизилди.
Биргина Тошкент шаҳри мисолида оладиган бўлсак, Тошкент шаҳар ИИББ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси эксплуатaция-монтаж бошқармасининг иш тартиби тўлиқ ўзгартирилди.
Эксплуатация-монтаж бошқармаси замонавий махсус техникалар билан таъминланди, иш уч сменада ташкил этилди ва ходимлар учун алоҳида махсус кийимбошлар ажратилди.
Олиб борилган тадбирлар натижасида 3 ой давомида Тошкент шаҳридаги мактабларда 48 та йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш синфхоналари, маҳаллада ва мактабгача таълим ташкилотларида 96 та йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш майдончалари ташкил этилди.
2023 йилда ўтган 3 ойи давомида эксплуатaция-монтаж бошқармаси томонидан 7 та транспорт, 3 та пиёдалар светофорлари ўрнатилди.
Мактабларнинг олдиларга 4 та светофор қурилмалари, 48 та суний нотекисликлар ўрнатилди.
866 та янги йўл белгилари, мактаблар олдида 386 та тезликни чекловчи йўл белгилари ўрнатилди, 604 та эскирган йўл белгилари янгисига алмаштирилди.
Асосий эътибор йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситалари ҳамда йўл чизиқларининг аҳволига қаратилмоқда.
Тошкент шаҳрининг барча туманларининг кўчаларига йўл ётиқ чизиқлари чизилиши йўлга қўйилди.
Тошкент шаҳри бўйича жамоат транспорти устуворлигини ҳам тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш 2023 йилда 116,3 км узунликдаги 13 та алоҳида автобус йўлакларини ташкил қилиш кўзда тутилган.
Бугунги кунда ташкил этилган 6 та алоҳида автобус тасмаларини ажратиб турувчи ётиқ чизиқлар чизилди.
Жумладан, А.Навоий-Беруний кўчасида 7 км., А.Темур кўчасида 10 км (кўчанинг икки томони ҳисобланганда) автобуслар учун алоҳида йўлак такшил қилинган бўлиб, ҳозирги кунда М.Улуғбек кўчаси бўйлаб (Т.Малик кўчасидан Феруза кўчасигача), Феруза кўчаси бўйлаб (М.Улуғбек кўчасидан Мунаввар Қори кўчасигача) ва Мунаввар Қори кўчаси бўйлаб темир йўл кесишмасигача бўлаган қисмларида “А” “Йўлнинг фақат йўналишли транспорт воситалари учун мўлжалланган тасмасини билдирувчи” йўл ётиқ чизиқлари чизилди ва “Йўналишли транспорт воситалари учун мўлжалланган тасма” йўл белгилари ўрнатилди. Йўл чизиқларни чизиш ишлари давом эттирилмоқда.
Эксплуатация-монтаж бошқармасида йўл чизиқларини чизиш бўйича 6 та гуруҳ тузилиб, 3 сменалик иш фаолияти ташкиллаштирилган бўлиб, ҳар бир гуруҳга 5 нафардан ишчи бириктирилди.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўрнатиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда йўл чизиқларини чизиш ишлари давом эттирилмоқда.
Алоҳида тўхталиб ўтиш лозимки, автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларнинг сифатини яхшилаш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шарт-шароитлар яратиш учун маблағ зарур бўлади.
Президентимизнинг 2022 йил 4 апрелдаги ПҚ-190-сон қарори билан Нукус ва Тошкент шаҳарлари, вилоятлар, туман (шаҳар)лар марказларида йўл белгилари, кўрсаткичлари ва светофорларни ўрнатиш, йўл чизиқларини чизиш учун зарур бўлган маблағ масалалари ҳал қилинди.
Республика бўйича эксплуатация-монтаж бўлинмаларининг фаолияти тубдан ўзгартирилди, моддий-техник базаси янгиланиб, йўл белгилари, кўрсаткичлари ва светофорларни ўрнатиш босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Шу билан бир қаторда, таъкидаш лозимки, об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда йўл чизиқларини чизиш мавсуми энди бошланди.
Алоҳида тўхталиб ўтиш лозимки, йўлларга чизилган йўл чизиқларининг узоқ вақт сақланиб туришида бўёқларнинг сифати алоҳида ўрин тутади. Шу мақсадда бўёқларнинг сифатини халқаро, жумладан, Европа стандартларига мослигини таъминлаш мақсадида халқаро тажрибаларни ўрганиш йўлга қўйилди.
Жумладан, Туркия, Германия, Франция, Белорусия ва Россия каби давлатларнинг йўлларида йўл чизиқларини чизишда фойдаланилаётган бўёқларнинг сифати жойларга чиққан ҳолда ўрганилди.
Ўрганиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши ҳамда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилди.
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларни ёритиб бориш ҳамда фуқароларга ўз вақтида етказилишини таъминлаш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг “yhxx.uz” расмий веб сайти, “Telegram” мессенжерида, “t.me/yhxx_uz”, “Facebook”, “Instagram” ва “YouTube” ижтимоий тармоқлари ташкил этилди.
Бундан ташқари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан амалга оширилаётган ишлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда доимий равишда ёритиб борилмоқда.
Жумладан, 2022 йилда телевидениеда 4215 та лавҳа ва кўрсатувлар намоиш этилди, радиода 6097 та эшиттиришлар, газета ва журналларда 1060 та мақолалар чоп этилди.
Шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг расмий веб-сайти yhxbb.uzда ва ижтимоий тармоқлардаги “Telegram”, “Facebook” ва “Instagram” ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида 11246 та, Ички ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтида 1489 та, бошқа сайтларда 1952 марта маълумотлар, кўрсатув, лавҳа ва роликлар жойлаштирилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган “Автоҳамроҳ” журнали “Юқори даражадаги йўл ҳаракати маданияти учун” шиори остида 2022 йил давомида нашр этилиши таъминланди.
Болаларга йўлларда, чорраҳаларда ва пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланиш асосларини амалий-кўргазмали тарзда ўргатиш мақсадида “Ёш автоҳамроҳ” номли болалар учун кўргазмали қурол журналга илова \сифатида чоп этилмоқда.
Бундан ташқари, Давлат йўл ҳаракати хавфлиги хизматининг ташаббуси билан Хорижий давлатлар тажрибалар асосида 1690 дона “Болаларга йўл ҳаракати қоидаларини” ўргатиш ва тарғиб қилиш бўйича материаллар тўплами (сумка) ишлаб чиқилди.
Тўплам таркибига ЙПХ и\\нспектори шаклидаги “Йўлбарсвой ва Бўривой” юмшоқ ўйинчоқлари, “Ёш йўл ҳаракати тарғиботчиси” логотипи туширилган кепка ва футболка, “Мактабдан уйгача – уйдан мактабгача энг хавфсиз йўл харитаси”, “Кичик пиёда қоидаси китобчаси”, “Ёш вилосипедчи” номли буклетлар, “Қоидаларни ўрганамиз” номли бўяма китоб, “Болалар билиши мумкин бўлган 15 та қоида” брашураси ҳамда “Яшил чироқ” номли пазллар киритилган.
Мазкур тўпламлар болалар иштирокида ўтказилаётган тадбирларда мактаб ўқувчилари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларининг тарбияланувчиларига тарқатилди.
Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга, мактаб ўқувчиларида йўл ҳаракати қоидалари бўйича кўникмаларни ҳосил қилиш мақсадида 2022 йил 26 апрель куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 212-сон қарори талаблари асосида 2022 йил 22-25 июль кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган Ички ишлар вазирлигига қарашли “Оқтош” соғломлаштириш болалар оромгоҳида “Яшил чироқ” мусобақасининг республика босқичи ўтказилди.
Болалар ҳаётини асраш, ёш авлодни маданиятли ҳаракат иштирокчилари сифатида тарбиялашга йўналтирилган “Яшил чироқ” мусобақаларига барча мактабларнинг ўқувчиларини жалб этиш, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади.
Бугунги кунда “Яшил чироқ – 2023” мусобақасининг ҳудудий босқичлари ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлигини ишончли таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчилари ўртасида комплекс тарғибот ва ташвиқот ишларини ташкил этиш тўғрисида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва “Tomosha” болалар мусиқий театр-студияси ўртасида 2022 йил 6 май куни Меморандум имзоланди.
“1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан жорий йил 31 май куни болаларга совға сифатида “Tomosha” болалар мусиқий театр-студиясида “Чорраҳа” номли спектакль примьераси тақдим этилди.
Спектаклнинг мақсади болаларга йўл ҳаракати қоидалари асосларини замонавий ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда кўргазмали тарзда ўргатиш, уларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишларини тарғиб қилиш, шунингдек, қоидаларга риоя қилмаслик кўнгилсиз ҳолатларнинг келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида огохлантириш, энг асосийси болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишдан иборатдир.
Спектакль сценарийси Президентимизнинг ПҚ-190-сон қарорида белгиланган “Умр тезликдан муҳимдир”, “Хавфсизлик камари – ҳаёт гарови” ва “Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади” шиорлари остида тарғибот ишларини кучайтириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва “Tomosha” болалар мусиқий театр-студияси ижодкорлари томонидан яратилди. Мазкур спектакль ҳудудларда намойиш этилмоқда.
Алоҳида тўхталиб ўтиш лозимки, Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ташаббуси билан Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган 288-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Йўл ҳаракати қоидаларини” ўқитиш, “Руйхатлаш ва имтиҳон олиш” синф хоналари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тарихи музейи ҳамда “Йўл ҳаракати қоидаларини ўрганиш” майдончалари ташкил этилди.
Бундан ташқари, мактаб ўқувчиларида Йўл ҳаракати қоидалари бўйича дастлабки кўникмаларини шакллантириш, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан профилактик тадбирларни амалга ошириш мақсадида республика бўйича мавжуд 10102 та мактабларга Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ўз хизмат ҳудуди бўйича (квадрат тизими асосида) бириктирилиб, мактаб ўқувчилари билан ишлаши йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамсининг 2022 йил 26 апрелдаги 212-сон қарори билан жорий этилган умумий ва ўрта таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш бўйича катта инспекторлари томонидан Мактаб ва мактабгача таълим вазирлигининг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда мактабларда “Диққат йўловчи”, “Диққат болалар”, “Яшил чироқ”, “Йўл ҳаракати қоидалари билимдони”, “Энг намунали йўловчи” каби комплекс тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ўтказилиши йўлга қўйилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича тадбирлар давом эттирилмоқда.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларни самарали ташкил этиш ва ўтказишни йўлга қўйишда раҳбар ходимлар алоҳида аҳамият касб этишини инобатга олиб, 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ҳамда вилоятлар ИИБлари Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг раҳбар ходимлари навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилди.
Ўтказилган аттестация натижаларига кўра 20 нафар ходим Ички ишлар органлари хизматидан бўшатилди, 11 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди, 27 нафар ходим бошқа лавозимларга ўтказилди ва 20 нафарига шартли равишда синов муддати берилди.
Хулоса ўрнида: юқорида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг иккита йўналиши бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида қисқача тўхталиб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан амалий тадбирлар кўз-кўз қилиш, ижтимоий тармоқларда мақтаниш ёки ўзини кўрсатиш учун эмас, балки барча йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга фуқароларимиздан аниқ манбааларга асосланмаган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган, одамларни чалғитувчи, шунингдек, Давлат органларини обрўсизлантирувчи хабарларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирмасликларини сўраб қоламиз.
ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати