Тест режимида

Хабарлар

Ижтимоий тармоқда тарқалган хабар юзасидан маълумот

2022 йил 13 февраль куни соат 12:30 ларда Жиззах вилояти, Шароф Рашидов туман ҳудудидан ўтган М-39 автомобиль йўлининг 983-километрида оқ рангли “Nexia-3” русумли транспорт воситасининг давлат рақам белгиси тўғри англашга тўсқинлик қиладиган қоғоз билан ёпилган ҳолда “Термиз-Тошкент” йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётганлигини кўрган ЙПХ ходими А.Ортиқов олдинда хизмат ўтаётган ҳамкасби ЙПХ ходими Н.Данабоевга махсус алоқа воситаси (рация) орқали маълум қилиб, ушбу автомобилни тўхтатиш чоралари кўрилишини сўраган.

Шундан сўнг, мазкур автомобиль ҳайдовчиси М-39 йўли ёқасида жойлашган “Шарқ” номли овқатланиш шаҳобчаси яқинига тўхтаб, транспорт воситаси давлат рақам белгисининг устига ёпиштирилган қоғозни олиб ташлаган.

ЙПХ инспектори Н.Данабоев қоидаларни четлаб ўтган “Nexia-3” русумли автомобиль ҳайдовчисидан тегишли меъёрий ҳужжатларини тақдим этишни сўраган вақтда, ҳайдовчи ҳужжатларини тақдим этмаган ва содир этган қоидабузарлигини ҳам тан олмаган.

Содир этган қоидабузарлиги учун ҳайдовчига нисбатан ЙПХ ходими Н.Данабоев томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 127-моддаси 2-қисми (давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш) ҳамда қонуний талабни бажармаганлиги учун 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) тартибида маъмурий баённома ва имзо чекишдан бош тортганлиги бўйича далолатнома расмийлаштирилиб, “Nexia-3” русумли автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.

Ҳозирда ушбу маъмурий иш юзасидан Шароф Рашидов тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.