Тест режимида

Хабарлар

Ижтимоий тармоқларда тарқалган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид хабарларга муносабат

Охирги кунларда Тошкент шаҳридаги чорраҳаларда тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд этувчи фото ва видео техник воситаларининг фаолияти тўғрисида бир қатор лафҳалар тарқатилиб, муносабатлар билдирилмоқда.

Мазкур лавҳа ва муносабатларда келтирилган ҳолатлар Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан ўрганилиб борилмоқда.

Ўрганишлар давомида лавҳа ва муносабатларда келтирилган ҳолатларга объектив баҳо бериш, йўл инфратузилмаси ҳамда техник воситаларнинг ҳолатини қайта кўриб чиқиш, чорраҳаларда йўл ҳаракатини тўғри ташкил этиш мақсадади ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги ПҚ - 4913-сон қарори билан Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида 2021 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига автомобиль йўлларида техник воситалари ўрнатиш ҳуқуқи берилган.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 21 апрель куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 232-сон қарори талаблари асосида тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида техник воситалар ўрнатиб келинмоқда.

Мазкур қарорлар талаблари асосида тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган техник воситалар бўйича масъул ташкилот ва идоралар томонидан тегишли техник хулосалар берилиб, тест синовларидан ўтказилгандан кейин ишга туширилади.

Шундай бўлсада, бугунги кунда ишчи гуруҳ томонидан чорраҳаларда йўл ҳаракати қандай ташкил этилганлиги (йўл белгилари ва кўрсаткичлари тўғри ўрнатилганлиги, йўл чизиқлари чизилганлиги ва бошқалар), чорраҳалардаги техник воситаларнинг ҳолати қайтадан ўрганиб чиқилмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилаётган ўрганишлар натижалари бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади.

ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати