Тест режимида

Хабарлар

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича “Фарғона тажрибаси” амалга оширилади

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича “Фарғона тажрибаси” амалга оширилади: вилояти ҳокимлиги ва Ички ишлар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Бугун вилоят ҳокимлигида Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўртасида вилоят ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни белгилаш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумга вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев имзо чекдилар.

Вилоят ҳудудида йўл ҳаракати қоидалари бузилиши профилактикаси ва уларга чек қўйиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чора-тадбирлари самардорлигини ошириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш мақсадида “Йўл харитаси” тузилиши белгилаб олинди. Унга кўра вилоят ҳудудида йўл инфратузилмаси ривожлантирилиб, транспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назорат кучайтирилади. Шунингдек, ҳайдовчиларнинг ҳуқуқий билими ва ўзаро маданиятини юксалтириш тадбирлари амалга оширилади. Соҳага замонавий ахборот -комуникация технологияларининг қамрови кенгайтирилиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича таҳлиллар юритилади. Муаммолар ўрганилади ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб аниқ ечимлар белгиланади.

“Бу ҳамкорлик соҳада “Фарғона тажрибаси” бўлади. Вилоят ҳокимлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги биргаликда амалга ошириши режалаштирган чора-тадбирлар натижасида вилоятда йўл-транспорт ҳодисалари камида 50 фоиз камайишига эришиш мақсад қилинган. Ҳайдовчиларимиз машинага хотиржам ўтиришади”,- деди Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев.

Маълумот ўрнида 10 ойлик якунлари бўйича вилоятда 1173 та йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлган.984 нафар фуқаро тан жароҳати олган. 189 нафар фуқаролар ҳаётдан бевақт кўз юмган.