Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдаги ҳаракати
ЙПХ ходими йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда МАДХ-АДХ навбатчисига зудлик билан хабар беради ва жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатади ва содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича маълумотларни (шахсларнинг фамилияси, исми, шарифи, яшаш манзили ва телефон рақами йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жой, вақти, тури ва ҳолати, транспорт воситаси русуми, ранги ва давлат рақами, йўл-транспорт ҳодисасига алоқадор транспорт воситалари ҳақида маълумот, йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида маълумотга эга бўлган ва бевосита кўрган гувоҳлар ҳақида маълумот) тўплайди.
Жабрланганлар сонини, улар жароҳатининг оғирлик даражасини аниқлаши, тез тиббий ёрдам чақиртириши ва келгунига қадар биринчи тиббий ёрдам кўрсатиши, заруратга қараб тиббиёт муассасасига юборилишини ташкиллаштириши лозим.
Шунингдек, ЙПХ ходими йўл-транспорт ҳодисалари натижасида транспорт воситалари, йўл ва бошқа иншоотларга, ўзгаларнинг мол-мулкига зарар етказилган, шахсларнинг баданига енгил шикаст етказилган ҳолатларда:
-ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш баённомасини тузиши ва ҳодиса жойининг чизмасини чизиши;
-ҳодиса иштирокчилари ва гувоҳлардан тушунтириш хатларини олиши;
-йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолган ҳайдовчиларни аниқлаш чораларини кўриши;
-ҳайдовчи транспорт воситасини алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик моддаси таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарганлигини аниқлаш учун тиббий кўрикдан (алкотестердан) ўтказиши, бош тортган тақдирда бу ҳақда баённома тузиши ҳамда мажбурий тартибда тиббий кўрикдан ўтказиш учун белгиланган тиббий муассасага (наркологик диспансер) олиб бориши;
-йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолган транспорт воситасининг эҳтимолдаги йўналишини, русумини, давлат рақамини, рангини, транспорт воситаси ва ҳайдовчининг алоҳида белгиларини аниқлаши, транспорт воситасини ушлаш чораларини кўриш мақсадида навбатчилик қисмига хабар бериши, транспорт воситасини кўрган шахслар доирасини аниқлаши;
-транспорт воситалари ҳаракатининг тирбандлиги юзага келишининг олдини олиш чораларини кўриши ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаши лозим.
Шунингдек, ЙПХ инспектори томонидан йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган вақтда ишни одилона кўриб чиқилишини таъминлаш, айбдорлик даражасига ҳуқуқий баҳо бериш учун суд-экспертизалари ўтказилишини таъминлаш мақсадида йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган транспорт воситалари вақтинчалик сақлаб туриш учун жарима майдонига қўйилиши талаб этилади.
Бунда, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 133-134-моддалари ва йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолган транспорт воситасининг ҳайдовчиларга нисбатан қўшимча равишда ушбу Кодекснинг 137-моддаси (Йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолиш) билан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.