Тест режимида

Хабарлар

Йўлларда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш борасида илмий ёндашув

Муаммо ва унинг ечими. Бу ҳаётимизнинг барча жабҳаларида фаолият кўрсатаётган мутахассисларни ўйлантирадиган, унинг ижобий ечимини излашга ундайдиган ҳолат. Уларнинг ечими эса турли-туман. Ана шу муаммолар ичида ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқлари нафақат шу соҳа вакилларини, балки барчани унга қарши бирдек курашга ундайди. Маълумки, йўл-транспорт ҳодисалари асосан эҳтиётсизлик ва унинг натижасида қоидалар талаблари бузилиши туфайли содир бўлади. Уни келтириб чиқарувчи минглаб сабаблар ҳам мавжудки, уларни ижобий ҳал этилиши инсон ҳаёти ва мол-мулкини муҳофаза қилиш ишлари самарадорлигини оширади.

Масаланинг ана шу томонларини ҳисобга олган ҳолда Тошкент Давлат техника институти қошидаги малака ошириш ва қайта тайёрлаш марказида Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ билан ҳамкорликда ЙТҲлар ечимига илмий асосларда ёндашиш мавзусида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Марказ тингловчиларига содир бўлган ЙТҲлар ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди. Уни келтириб чиқарувчи омиллар кўрсатилди. Ўз навбатида тингловчилар ҳар бир ЙТҲни атрофлича ўрганиб, таҳлил қилиб, унинг илмий ечимларини ишлаб чиқишди. Бунда асосий эътибор пиёдалар иштирокидаги ЙТҲларга қаратилди.

Ўрганишларга, таҳлилларга асосланган илмий ечим ҳақида гапирилар экан, унда ҳодисаларни келтириб чиқараётган энг асосий омил пиёдаларнинг йўлларда ҳаракатланиш чоғидаги эътиборсизликлари эканлигини кўрсатди. Шунингдек, пиёдалар билан боғлиқ ҳодисаларга тунги ва сунъий ёритилмаган йўлларда ҳаракатланаётган пиёдаларда, уларни хавфдан сақловчи нур қайтарувчи мосламалар йўқлиги ҳам сабаб бўлаётганлиги ойдинлашди. Кўпгина давлатларда пиёдаларнинг кийимида нур қайтарувчи мосламалар бўлишига жиддий эътибор қаратилади. Айниқса, болаларнинг кийимлари, мактаб сумкаларида бундай жиҳозлар мавжуд бўлади.

Изланувчиларнинг илмий таҳлиллари болаларнинг мактабга келиб кетишида ота-оналар назорати етарли эмаслигини ҳам кўрсатди. Айниқса, бошланғич синф ўқувчиларини минглаб транспортлар тўхтовсиз ҳаракатланаётган мураккаб ҳаракат жараёнида хавф билан юзма-юз бўлишлари, уларда бу каби ҳолатлардан қандай қилиб чиқиб кетиш кўникмаси шаклланмаганлиги, автомобиль йўллари ёқасида жойлашган умумий овқатланиш шаҳобчалари олдида йўлларни ёритишга  етарлича эътибор қаратилмаслиги, корхона ва ташкилотларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган мутахассислар йўқлиги, йўл ташкилотларининг йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича кўраётган чоралари етарли эмаслиги, пиёдалар йўлкалари ва кесиб ўтиш жойларида хавфсизлик чораларига тўла амал қилинмаслиги ҳам муаммоларни келиб чиқишига туртки бўлади.

Албатта, хавфсизлик қоидалари доимий тарзда, оммавий ахборот воситалари, айниқса ижтимоий тармоқлар имкониятларидан унумли фойдаланиш орқали ҳаракат иштирокчиларига етказилиши лозим. Аммо, бу йўналишдаги ишларни ҳозирги кун талабларига тўлиқ жавоб беради, деб айта олмаймиз.

Тингловчилар масаланинг ана шу томонларига ҳам эътибор қаратиб, уларнинг ечими юзасидан илмий асосланган таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Келгусида амалга ошириладиган ишларнинг аниқ режалари ишлаб чиқилди. Ушбу режалар ижросини амалиётда самарали қўллаш эса муаммо ечими йўлидаги дастлабки ҳаракатлар бўлади. Зеро, илмга асосланган ечимнинг залвори таъсирли кучга эга.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати